Ўзбекистон | 10:02 / 20.03.2023
14988
2 дақиқада ўқилади

Саратов яқинида содир бўлган ЙТҲда 4 ўзбекистонлик жароҳатланди, бир нафари ҳалок бўлди

Минтақа Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Саратов яқинида содир бўлган ЙТҲда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланди, бир киши ҳалок бўлди

Фото: saratov24

Саратов вилоятида енгил ва юк машинаси тўқнашиб кетди, натижада тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланди, бир киши ҳалок бўлди, деб хабар қилди вилоят соғлиқни сақлаш вазири Олег Костин.

«20 март куни соат 1:46 (Тошкент вақти билан 2:46) да Федоровский туманида, А-298 Ершов-Энгелс автомагистралидаги Плёс қишлоғига бурилишда енгил автомобиль юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Беш киши жароҳат олди, улардан бири ҳалок бўлди. Барчаси 20 ёшдан ошганлар», деб ёзади Костин телеграм-каналида.

Унинг аниқлик киритишича, 25 ёшли йигит ҳалок бўлган, 20-30 ёшлардаги тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланган. 

«Бир киши бош мия очиқ жароҳати, кўкрак қафаси шикастланиши, учинчи даражали кома ҳолатда, аҳволи ўта оғир... Иккинчисида бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, бел умуртқаси жароҳати, шок, аҳволи оғир... Учинчиси бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, умуртқа поғонасининг шикастланиши, оғир аҳволи... Тўртинчиси бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, аҳволи ўртача оғирликда», деди у. 

Унинг сўзларига кўра, тўрт нафар ўзбекистонлик Федоровский туман касалхонасига ётқизилган, улардан икки нафари реанимацияга жойлаштирилган. 

Мавзуга оид