Мюнхен конференцияси раҳбари: Хитой Путиннинг заифлашишидан манфаатдор
ХХР раҳбари Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетишни талаб қилмаяпти, чунки у Путинни ҳокимият тепасидан ағдармоқчи эмас, деб ҳисоблайди Мюнхен хавфсизлик конференцияси раҳбари.
Москвага ташриф буюрган Хитой раҳбари Си Жинпинг Россиянинг Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетишига интилмайди, чунки бу Россия президенти Владимир Путинни янада заифлаштиради, Хитой эса уни ағдариб, Кремлдаги ҳокимиятни ўзгартиришдан манфаатдор эмас, дейди Мюнхен хавфсизлик конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген. Немис дипломати 21 март, сешанба куни ZDF телеканалида Путин бу қарамликдан ўз мақсадлари учун фойдаланаётган Си Жинпингга ниҳоятда боғлиқ эканини айтди. Бир кун аввал Москвага келгач, Хитой раҳбари, аслида, Россия президентини «келаси йили қайта сайланиши» билан табриклади, деди Ҳойсген.
Унинг сўзларига кўра, Си Жинпинг Россияни жаҳон саҳнасида АҚШ, Европа ва халқаро қонунларга риоя қилишни ёқловчи бошқа демократик давлатларга қарши турадиган авторитар давлатлар лагерида сақлаб қолиш учун ҳаракат қилади. Шунинг учун, «у Путин заифлашишини хоҳлайди, Хитой томонида қатъий қолиши учун уни қўллаб-қувватламоқчи», дейди Ҳойсген. Шу билан бирга, у СССРдаги қайта қуришни эслади ва Россияда ҳокимият ўзгарган тақдирда, ХХР номақбул деб ҳисоблаган Ғарбга бурилиш яна содир бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Шу билан бирга, Хитой Россияни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ғарб санкцияларига тушиб қолмаслик учун нозик чизиқни кесиб ўтмаслиги муҳим, дея қўшимча қилди Ҳойсген. Шу боис, унинг сўзларига кўра, Пекин Россияга қурол етказиб беришда жуда эҳтиёткор. Бундан ташқари, Си Жинпинг «Путиннинг ядро қуролидан фойдаланишига ҳеч қачон йўл қўймайди», акс ҳолда кейинчалик уни қўллаб-қувватлай олмайди, дейди дипломат.
Шунингдек, у Ғарб учун бу вазиятда халқаро ҳуқуқ тарафида қатъий туриш ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга, авторитар лагер билан зиддиятда ҳали ҳам етарлича аниқ позицияни эгаллаган Лотин Америкаси, Осиё ва Африкадаги кўплаб мамлакатларни ўз томонига жалб қилишга кўпроқ эътибор қаратиш лозим, деди Ҳойсген.
Бир кун аввал, n-tv телеканалига берган интервьюсида Ҳойсген Си Жинпингнинг Москвага ташрифи иккала давлат арбоби учун ҳам муҳим эканини таъкидлаган эди. Путин ўз халқига ХЖС ҳибсга олиш учун ордер берганига қарамай, Россия яккаланиб қолмаганлигини кўрсатмоқчи, дея тушунтирди у. Пекин учун эса Россия, экспертнинг фикрига кўра, «арзон ёнилғи қуйиш станцияси». Бундан ташқари, Си Жинпинг Хитойнинг АҚШ билан тизимли рақобатида Россияга муҳтож. Россия яккалаб қолгани сабабли, Путин энди Хитойнинг кичик ҳамкорига айланди, дея ишонч билдирган Ҳойсген.
Мавзуга оид
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024