Жаҳон | 16:33 / 22.03.2023
13155
2 дақиқада ўқилади

Лондон Путиннинг ядровий кескинлашув ҳақидаги сўзларини рад этди

«Дунёда ядровий муаммолар ҳақида гапирадиган ягона давлат - бу Россия», - деди Британия ташқи ишлар вазири Клеверли. Унинг таъкидлашича, Киевга кучсизлантирилган уранли ўқ-дориларни етказиб бериш кескинлашув эмас.

Фото: AP Photo / Alastair Grant

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага таркибида кучсизлантирилган уран бўлган ўқ-дориларни етказиб бериш бўйича Лондонга қўйган айбловларини рад этди. Путиннинг бир кун аввалги сўзларига муносабат билдирар экан, у 22 март, чоршанба куни Украинадаги урушда ядровий кескинлашув ҳақида гап кетмаётганини айтди

«Ҳеч қандай ядровий кескинлашув йўқ. Дунёда ядровий муаммолар ҳақида гапирадиган ягона давлат - бу Россия», - дея Клеверлининг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. 

Бир кун аввал, 21 мартда Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий ёрдам доирасида Украинага таркибида кучсизлантирилган, яъни табиий урандан камроқ радиоактив хусусиятга эга бўлган ўқ-дорилар етказиб беришини тасдиқлади. Бундай ўқ-дорилар ўзининг зичлиги ва бошқа жисмоний хусусиятлари туфайли танклар ва зирҳли транспорт воситаларига осонроқ зарар етказа олади. Мудофаа вазирлиги вакили шундай деди: «Британия армияси ўнлаб йиллар давомида зирҳни тешувчи ракеталарида кучсизлантирилган урандан фойдаланиб келади. Бу стандарт компонент бўлиб, ядровий қуролга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Россия бундан хабардор, лекин атайлаб нотўғри маълумот беришга ҳаракат қилмоқда». Унинг сўзларига кўра, олимлар томонидан олиб борилган мустақил изланишлар шуни кўрсатадики, кучсизлантирилган уран ўқ-дориларидан фойдаланишнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга ҳар қандай таъсири паст бўлиши мумкин.  

Хитой раҳбари Си Жинпинг билан қўшма матбуот анжумани чоғида Путин бундай ўқ-дорилар етказиб бериладиган бўлса, Москва «тегишли» жавоб қайтаришга мажбур бўлишини таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид