ХХР раисининг Москвага давлат ташрифининг иккинчи куни якунларига кўра Владимир Путин ва Си Жинпинг матбуот анжуманида қатнашди, унда англашилишича, Украинадаги урушни тўхтатиш борасида ҳеч қандай келишувга эришилмаган – ёки бу шундай келишувки, Путин ва Си у ҳақда очиқ гапирмасликка қарор қилишган.

Си Жинпинг учун бу ХХР раислигига қайта сайланганидан кейинги илк расмий хорижий ташриф бўлди. Россия президенти эса 17 март куни Халқаро жиноий суд уни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги болаларни ноқонуний депортация қилиш доирасидаги ишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берганидан кейинги илк хорижий давлат раҳбари билан учрашуви эди.

Ташриф давомида хитойликлар етакчиси Владимир Путинни «шу йил ўзига қулай вақтда» Хитойга боришга таклиф этган. Washington Post газетаси бу таклифни Россияни «қўллаб-қувватлашни очиқ билдириш» деб баҳолаган.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Си Жинпингнинг Москвага ташрифига муносабат билдирар экан, Хитой раҳбарини Россия жиноят содир этишда давом этиши учун Путинни «дипломатик ҳимоя» билан таъминлашда айблаганди.

Музокаралардан кейинги матбуот анжуманида Путин Хитойнинг тинчлик режасини тилга олди ва «Ғарб ва Киев бунга тайёр бўлса» ушбу режанинг кўплаб қоидалари Украинадаги келишув учун асос бўлиши мумкинлигини таъкидлади. BBC билан суҳбатлашган экспертлар хитойликлар режасини «қўллаш учун мўлжалланмаган» деб баҳолашган.

Си Жинпинг эса яна бир бор Хитой БМТ Низоми тамойилларига амал қилган ҳолда Украина инқирози бўйича холис ва бетараф позиция танлаганини таъкидлади. «Биз ҳамиша тинчлик ва мулоқот тарафдоримиз», — дея қайд этди у.

Кремлда уч соат давом этган музокаралардан сўнг, давлат раҳбарлари 14 ҳужжат ва икки қўшма баёнот – «Янги даврга қадам қўяётган кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида» ҳамда «Россия-Хитой иқтисодий ҳамкорлиги асосий соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш режаси тўғрисида» баёнотларни имзолагани маълум қилинди.

Владимир Путин Россия Хитойга табиий газ ва нефт етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, томонлар «Сила Сибири–2» газ қувури лойиҳасини ҳам муҳокама қилишган. РФ ва ХХР ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан молия ва транспорт соҳаларида бир неча баробар ўсиб бораётгани ҳақидаги навбатчи сўзлар айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Путин Россия Федерациясидан Хитойга гўшт ва ғалла экспортини сезиларли даражада ошириш имкониятлари мавжудлигини маълум қилди.