17 март куни Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди. У ва Россия болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Белова Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан украиналик болаларни оммавий тарзда ўғирлаш ва Россияга ноқонуний нарзда, ота-оналари розилигисиз олиб кетишда гумонланмоқда.
Бу қидирув Россия учун, унинг президенти учун нимани англатади? Путин чиндан ҳам қамалиши мумкинми? Халқаро жиноят суди мажбуриятларини тан олган давлатлар Путинни Ҳаага трибуналига ушлаб берадими? Бу саволларга жавобни икки қисмга бўлиш мумкин: ҳуқуқий ва сиёсий.
Ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам бир қанча зиддиятлар пайдо бўлади. Аввало, дунё давлатлари раҳбарлари – президентлар, бош вазирлар ва подшоҳларнинг шахсий иммунитети – дахлсизлик ҳуқуқи бўлади. Яъни улар исталган пайтда исталган ерда қамоққа олиниши, таъқиб қилиниши мумкин эмас. Хўш, ХЖС ордери Путиннинг президентлик иммунитетига таъсир қиладими?
Халқаро ҳуқуққа кўра, Ҳаага трибунали ҳукмлари давлат раҳбарларининг иммунитетини тан олмайди. Агар давлат раҳбарларидан кимдир ХЖС томонидан жиноятда гумон қилинса, суд ўша шахснинг иммунитети тугашини кутиб ўтирмайди. Агар реал имконият пайдо бўлса, гумонланаётган давлат арбобини қамоққа олаверади.
Россия Ҳаага трибунали юрисдикциясини, яъни ваколатларини тан олмаса, унинг ҳукмлари кучга эга бўладими?
Россия Ҳаага трибунали юрисдикциясини тан олмаслиги Путинга нисбатан ордер кучини йўқотмайди. Чунки, айбловчи томон Украина, жиноят қилинган жой – Украина, шунинг учун бу айблов Россия учун катта ҳуқуқий муаммо бўлиб қолади.
Қолаверса, бу ўринда, халқаро муносабатларда ҳам зиддиятлар пайдо бўлади. Мисол учун, Ҳаага трибунали олдида тўлиқ мажбурият олган бирор давлат ўзаро алоқаларда Путиннинг ҳам иммунитетини тан олишга мажбур. Бу ҳолатда нима қилиш мумкин? Айтайлик, қўшни Тожикистон, у ХЖС олдида мажбуриятлар олган ва Путиннинг иммунитетини ҳам тан олишга мажбур. Агар Россия президенти Тожикистонга келиб қолса, расмий Душанбе нима қилиши керак?
Бу масалани Тожикистон ҳукумати ўзи ҳал қилади. Агар истаса, Путинни ушлаб бериши мумкин. Лекин бунинг эҳтимоли кам. ХЖС олдида мажбуриятлар олган ҳар қандай давлат ядровий қудратга эга давлат президентини ушлаб беришдан олдин унинг реал оқибатларини ҳисобга олади.
Яъни бугунги кунда бирор давлат Путинни ушлаб беришига ишониш қийин. Жумладан, АҚШнинг ўзи ХЖС олдида мажбурият олмаган. Бу Афғонистон, Ироқ ва бошқа давлатлардаги фожиалар Ҳаага суди томонидан «халқаро жиноят» сифатида баҳоланиши эҳтимоли билан боғлиқ.

















