Жаҳон | 10:25 / 23.03.2023
11904
2 дақиқада ўқилади

Кулеба: Путин билан гаплашиш бефойда

Путин фақат уруш давом этишини истайди, у билан гаплашишдан маъно йўқ, деди Украина ТИВ раҳбари. «Бундай ёвузлик билан қандай курашиш мумкин? Уни куч билан эзиб ташлаш мумкин», - деди Кулеба.

Фото: CNN

Халқаро жиноий суд (ХЖС) Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер беришидан анча олдин, «Украина у билан гаплашиш бефойда эканини билар эди», деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 22 март, чоршанба куни Politico нашрига берган интервьюсида.

Кулебанинг эслатишича, Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида ўтказилган «референдумлар»дан сўнг, 30 сентябр куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Путин билан ҳар қандай музокаралар олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида резолюция қабул қилган. Шу билан бирга, вазир Киев музокаралар ғоясини эмас, балки Россия президенти билан шахсий суҳбат тинчликни таъминлашга ёрдам бериши ҳақидаги тахминларни рад этишини таъкидлади. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, 2022 йилнинг 24 февралига қадар Киев Германия ва Франция воситачилигида Володимир Зеленский президент этиб сайланганидан бери Россия билан 88 та музокара ўтказган. «Россия бу саъй-ҳаракатларнинг барчасини оёқости қилди ва бунинг ўрнига ваҳшиёна, геноцид, тажовузкор урушни танлади», деди Дмитрий Кулеба. 

Ўз навбатида, у Украина кенг кўламли босқин бошланганидан кейин ҳам тил топишишга уринишлари муваффақиятсиз бўлганини, бироқ Россия ҳужумларини кучайтирганини эслатди. «Путин ҳамма нарсани эътиборсиз қолдирди; у фақат кўпроқ уруш, украиналик болалар ўғирланиши, кўпроқ украиналиклар ўлдирилиши ва Украинанинг кўпроқ ерларини хоҳлайди. Бундай ёвузлик билан қандай курашиш мумкин? Буни куч билан бостириш мумкин», - деди Кулеба. 

Мавзуга оид