Молдова президенти Майя Санду 22 март куни мамлакат давлат тилини «молдова» тилидан «румин» тилига ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бунга қадар давлат тили номини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Молдова парламенти томонидан маъқулланган эди. Молдова ҳукумати нима учун бундай қарор қабул қилди ва бу нимани ўзгартиради?

«Мен румин тили шу ерда яшовчи ва бу ерни севадиган барчамизни бирлаштиришини истайман. Биз бутун дунё бўйлаб 27 миллиондан ортиқ одам билан биргаликда Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бири бўлган румин тилида гаплашамиз», дея ёзган Майя Санду ўзининг Facebook саҳифасида.

Тил тавсифи мамлакат Конституцияси, қонунлар матнлари ва барча давлат ҳужжатларида ўзгартирилади.

Ҳукумат буни қандай изоҳламоқда?

Санду фармонни имзолаганидан кейин ўз постида ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган молдова ва румин тиллари ҳамда халқларининг бўлинишини сунъий ва учинчи кучлар учун фойдали деб билишини айтган.

«Бизга ўнлаб йиллар давомида биз, Молдова Республикаси фуқаролари, румин тилида эмас, «молдова» тилида сўзлашишимизни таъкидлаб келганлар бир нарсани кўзлаган: бизни бўлишни. Бунинг сабаби шундаки, бир халқни бўлиб ташлаганингиздан сўнг, уни бўйсундиришингиз ва назорат қилишингиз осонроқ бўлади. Бўлинган халқ — бу ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлган ягона куч эмас. Бизни бўлишга уринганлар тилшунослик ҳақида эмас, балки Молдовани қандай қилиб доимий миллий зиддиятда ушлаб туриш ҳақида қайғурган» деб ёзган Молдова президенти.

Бир кун ичида постга 12 минг лайк қўйилиб, 1,5 минг изоҳ ёзилган, уларнинг аксарияти «Табриклаймиз!» сўзи билан бошланган.

Кремл газ шантажи орқали Молдова сиёсатига аралашади: Путин маъмуриятининг махфий стратегияси

Нега айнан ҳозир?

Россиянинг Украинадаги уруши бошлангандан бери Украина ва Руминия ўртасида жойлашган кичик Молдова ўз хавфсизлигига ҳақиқий таҳдидни ҳис қилмоқда.

Кишинёвда Санду ҳукуматига қарши норозилик акцияси. Фото: AFP