Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 сентябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида чиқиш қилиб, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш таклифини илгари сурганди. 2020 йилнинг 23 сентябрь куни давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ва Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга яна тўхталиб ўтди.
Президент нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. 2021 йилнинг 18 май куни БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
2023 йилнинг 24 март куни Саида Мирзиёева БМТ бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференциясида иштирок этиб, Ўзбекистон номидан чиқиш қилди. У ўз чиқишида дунё ҳамжамиятининг эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратди.
“Сувга мўл денгиз фақат Нукус музейида осилган рассомларнинг ярқираб, жилваланиб, ҳаёт ва эркинлик бахш этувчи расмларида қолган. У қуриб битгандагина одамлар унинг қадрига етди. Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда. Мамлакатимиз Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда”, — деди Саида Мирзиёева.
Йигирманчи асрнинг энг катта экологик муаммоларидан бири бўлган Орол денгизининг қуриши минтақадаги экологик барқарорликни буткул издан чиқариб юборгани рост. Буни ҳудуддаги ерлар шўрланиши, касалликлар ортиши каби турли муаммоларда ҳам кўриш мумкин. Шу сабабли кейинги йилларда юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этишга киришилди. Ва бу ўз натижасини бермоқда.

















