Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан расмий Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги геосиёсий кескинлик ниҳоятда таранглашиб кетди. Расмий Москвага нисбатан сиёсий ва иқтисодий босим кучайди. Ушбу вазият фонида Россия ва Хитой етакчилари “ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни” чуқурлаштириш тўғрисидаги баёнотни имзолади. Бу нимани англатади?

Икки томонлама манфаатлар ва ўзаро боғлиқлик

Биринчидан, Украина инқирози фонида Россия ва Коллектив Ғарб ўртасида юзага келган зиддият Хитойни Москва ва Вашингтон ўзаро келишувга эришиши мумкин деган хавотирдан бутунлай халос қилди. Қолаверса, бугунги Россиянинг халқаро майдондаги имкониятлари ва таъсири кескин қисқарган, расмий Пекин ўзи учун қулай шартларда ҳамкорлик қилишга мойиллик олиш имкониятини қўлга киритди.

Иккинчидан, Хитой на геосиёсий, на иқтисодий, на хавфсизлик нуқтаи назаридан Россиянинг “йўқ қилиниши”дан ёки парчаланишидан манфаатдор эмас. Ғарбпараст ёки тартибсиз Россия Хитой хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Бундан ташқари, Пекин Ғарбнинг Москвага босимини келажак учун тайёргарлик кўриш ва сабоқ чиқариш сифатида ҳам қабул қилади.

Хитой ўзининг кучайиб бораётган қудратига таяниб, глобал миқёсидаги ҳукмрон мавқеини мустаҳкамламоқчи. Россия эса жаҳон гегемонлиги учун пойгада иштирок эта олмаслигига иқрор бўлган ҳолда, Евросиёдаги куч марказларидан бири ва глобал ўйинчи сифатидаги иштирокини сақлаб қолишга интилади. Россия-Хитой муносабатларидаги яқинлашув ҳам ҳар икки томон учун ўз амбицияларини амалга оширишга ёрдам беради. 

Учинчидан, бугунги кунда Москва ва Пекин учун асосий устувор вазифалардан бири ҳар икки давлатдаги мавжуд сиёсий режимларни сақлаб қолишдир. Москва ҳам, Пекин ҳам Ғарбнинг Россия ва Хитойда демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича олиб бораётган кампанияларини АҚШнинг икки давлатни беқарорлаштириш учун сиёсий қуроли деб билади.

Тўртинчидан, Москва билан иқтисодий ва сиёсий яқинлашиш Пекинни нафақат Шарқий Осиёда, балки Евросиё бўйлаб энг асосий ўйинчига айлантиради. Бугунги кунда Хитой Россия ресурсларидан фойдаланиш (углеводородлардан тортиб чучук сув манбаларигача) ва Марказий Осиё, Россия ва Арктика орқали Европа билан боғланиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имкониятларга эга.