Украинада урушнинг 395-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия 1 июл куни Беларусда тактик ядровий қуролларни сақлаш омбори қурилишини якунлайди. Бу ҳақда РФ президенти Владимир Путин ВГТРК учун интервьюсида маълум қилди.
- Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, украин ҳарбийларининг «титанларча саъй-ҳаракатлари» эвазига Бахмут йўналишида вазиятни «барқарорлаштиришга эришилган».
- Украина ҳозирча қуроллар ва ўқ-дорилар етишмовчилиги туфайли кутилаётган қарши ҳужумни бошлай олмайди, бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский айтиб ўтди.
- БМТ миссияси маълум қилишича, Россия ҳам, Украина ҳам ҳарбий асирлар ўлдирилишига алоқадор ҳисобланади. Украина ТИВ ташкилот ҳисоботига муносабат билдириб, «тажовуз қурбони зиммасига масъулият юклашни қабул қилиб бўлмаслиги»ни маълум қилди.
- Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суднинг РФда фаолиятини тўхтатишни таклиф этди.
- Австриядагилар агар Путин мамлакатга келса, уни қўлга олиб, Халқаро жиноий судга топширишга ваъда беришди.
- Евгений Пригожин «Вагнер» ХҲК томонидан ёлланган беш минг маҳбус Украинадаги урушдан қайтганини айтди. Унинг сўзларига кўра, улар афв этилган.
- ТАСС ва «Москва» агентликларига кўра, РФ тергов қўмитаси иқтисодчи Константин Сонинга қарши Россия армияси тўғрисидаги «фейк» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.
Кун кадри

Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Бахмут атрофида Украина армияси зенитчилари позицияси: Россия кучлари юришининг еттинчи ойига келиб Украина армияси фронтнинг энг мураккаб участкасидаги вазиятни барқарорлаштиришга эришди





























