Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев ўзи чақирган мажлисда рўзадорларни рўзасини очишга мажбурлаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида хабар берди.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, 31 март куни соат 15 ларда мажлис чақирган Косон тумани ҳокими қишлоқ хўжалигидаги муаммолар – қурғоқчилик, ерларнинг мелиоратив ҳолати ҳақида «жуда ғазаб билан» нутқ сўзлаган.

«Шундан сўнг ходимларга мажлисда «Сенлар рўза тутволиб, сипо бўлиб юрасанлар. Ишни ким қилади?» дея рўзадорларни сув ичишга мажбур қилган», – деб ёзади Ташанов.

31 март куни чақирилган мажлис тафсилотларидан хабардор манбанинг Kun.uz мухбирига айтишича, ҳоким йиғилиш иштирокчилари – қишлоқ хўжалиги ходимлари, миробларга ҳозир иш пайти экани, рўзани 60 ёшдан кейин тутиш кераклиги ҳақида айтиб, бақирган.

«Рўзадорларга бирин-кетин сув ичириларкан, бошқалар ҳам ўз хоҳиши билан сув ичишни бошлади. Ҳокимдан шу қадар қўрқишадики, бошқа рўзадорлар ҳам рўза эмасмиз, дея сув ича бошлашди. Бирорта гапирадиган бўлмади. Чунки ҳамма ҳокимдан қўрқади. Бу ҳоким – шер. Неча йилдан бери қимирламаяпти», – дейди манба.

Kun.uz мухбири воқеа юзасидан изоҳ олиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов билан боғланди. Матбуот котиби воқеа вилоят ҳокимлиги ҳузурида тузилган тезкор ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини билдирди.

Ҳоким чақирган йиғилиш ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан Косон туман ҳокимлиги икки энлик тушунтириш билан чиқди.

«Абдураҳмон Ташановнинг facebook’даги саҳифасида «Косон тумани ҳокими рўзадор фермерларнинг оғзини мажбуран очирди» номли хабар эълон қилинган. Аммо хабар муаллифи бу борада бирор асосни келтирмади.

Косон тумани ҳокимлиги туман ҳокими жорий йилнинг 31 март куни ҳеч бир фермерни туман ҳокимлигига чақирмагани ва уларнинг рўзасини очишга мажбурламаганини маълум қилади.

Фермерларнинг барчаси шу куни ўз дала майдонида бўлган», – дейилади муносабатда.

Косон ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган хабарда фермерлар йиғилишга чақирилмаганига урғу қаратилмоқда. Kun.uz манбалари ҳам йиғилиш фермерлар учун эмас, қишлоқ хўжалиги ходимлари, хусусан мироблар учун бўлганини айтган.