Жаҳон | 08:57 / 06.04.2023
22005
2 дақиқада ўқилади

50 га яқин давлат Лвова-Белованинг БМТдаги нутқини қоралади

Россия Федерацияси омбудсмани Мария Лвова-Белованинг БМТдаги нутқи жанжалга айланди. АҚШ ва Буюк Британия уни бойкот қилди ва 50 га яқин давлат Россиянинг ташкилотдаги мақомини суиистеъмол қилганини қоралади.

Мария Лвова-Белова

АҚШ, Буюк Британия, Албания ва Малта вакиллари 5 апрель, чоршанба куни бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгашининг норасмий йиғилишида Россиядаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Белованинг видео-алоқа орқали нутқини бойкот қилди. Йиғилиш БМТ Хавфсизлик кенгашига апрель ойида ротация орқали раислик қилувчи Россия томонидан ташкил этилди ва украиналик болаларга бағишланди. Ўз нутқида Россияга қарши «обрўсизлантириш кампанияси»ни қоралаган Лвова-Белованинг нутқ сўзлаш таклифи бир қатор давлатлар томонидан атайлаб қилинган провокация сифатида баҳоланди.

Украина расмийлари Россияни 2022 йил 24 февралда мамлакатга кенг кўламли босқин бошланганидан кейин 16 мингдан ортиқ болани ўғирлаганликда айбламоқда. 17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Мария Лвова-Белова ва Россия президенти Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишга алоқадорликда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди.


 
Лвова-Белованинг БМТдаги нутқи 50 га яқин давлат томонидан қораланди. Улар қўшма баёнотда Россияни «минглаб украиналик болаларнинг оммавий ўғирланиши ва мажбуран кўчирилиши ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш мақсадида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги ваколат ва имтиёзларини суиистеъмол қилишда» айблади.

«Ёлғон қанчалик тарқалмасин, ҳақиқатни яшириб бўлмайди: Россия ўзи бошлаган уруш пайтида украиналик болаларни ноқонуний ва мажбуран депортация қилишда давом этмоқда», — деб ёзди Германиянинг БМТдаги миссияси Twitter'да.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид