Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Латвия армияда мажбурий ҳарбий хизматга қайтишга қарор қилди
Латвиядаги ҳарбий хизмат босқичма-босқич - аввал ихтиёрий, кейин эса мажбурий тарзда қайтарилади. Ригада ҳарбий хизматга қайтиш Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин вазият ўзгаргани билан изоҳланди.
Латвия Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги фонида мажбурий ҳарбий хизматга чақирувни қайта тиклади. Латвия Сейми 5 апрель, чоршанба куни учинчи, якуний ўқишда Давлат мудофаа хизмати (ДХМ) тўғрисидаги қонунни қабул қилди, унга кўра, ҳарбий хизматга чақирув 1 июлдан қайта тикланади.
Йил охиригача муддатли ҳарбий хизматга чақирув ихтиёрий, 2024 йил 1 январдан эса мажбурий бўлади. Латвиянинг 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган барча эркак фуқаролари армияга чақирилади. Вояга етганидан кейин таълим олишни давом эттирадиган эркаклар, олий маълумот бундан мустасно, уни тугатгандан сўнг чақирилади. Талабалар учун имтиёзли давр мавжуд.
Давлат мудофаа хизмати икки турга бўлинади: тўғридан тўғри ҳарбий ва фуқаро мудофааси хизмати (Мудофаа вазирлиги муассасаларида муқобил хизмат). Хизмат муддати - 11 ой. Латвиянинг 18-27 ёшли фуқаролари, ҳам эркаклар, ҳам аёллар, ихтиёрий равишда армияда хизмат қилишлари мумкин.
Латвия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, дастлабки 300 нафар кўнгилли ҳарбий хизматни ёзда бошлайди. Худди шу рақам 2024 йилнинг январида чақирилиши режалаштирилган. Режага кўра, 2028 йилдан бошлаб 7500 нафаргача киши ҳарбий хизматга қабул қилинади.