Ўзбекистон | 15:22 / 08.04.2023
7006
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Ўзбекистон учун GSP+ тизими бенефициари мақомини узайтириши мумкин

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Европарламент аъзолари билан Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган музокаралар ўтказилди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Музокаралар чоғида 2024-2034 йилларга мўлжалланган янги муддатга мамлакат учун GSP+ тизими бенефициари мақомини узайтириш чоралари кўриб чиқилди. ЕИ делегацияси Ўзбекистон зарур конвенцияларни ратификация қилгани ва ушбу тизимнинг бенефициарлари мақомини узайтириш учун барча асосларга эга эканини таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини муҳокама қилди. Европарламент вакиллари ЕИ раҳбариятининг бу жараёнда яқин ҳамкорлик қилиш ҳамда консалтинг ва техник ёрдам кўрсатишни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси юзасидан музокаралар муваффақиятли якунлангани ҳамда парафинлангани қайд этилди. Ҳужжат ички тартиб-қоидалар, шу жумладан ҳуқуқий экспертиза ва томонларнинг давлат тилларига таржима қилинганидан кейин имзоланади.

Икки томонлама тадбирлар ўтказиш ва тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Савдо ва инвестициялар бўйича Ўзбекистон – ЕИ қуйи қўмитаси навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг июнь ойида Брюссель шаҳрида ташкил этиш, иқтисодий соҳада бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича мутахассислар даражасида доимий маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикрга келинди.

Мавзуга оид