Фото: Reuters

Дастлаб New York Times нашри илк сиздирмаларни эълон қилди: омма эътиборига Пентагон ва НАТОнинг Украинанинг тайёрланаётган қарши ҳужумларига доир ҳужжатларидан фотосуратлар ҳавола қилинди.

Бир неча мамлакатлардаги амалдорлар айни пайтда ахборотнинг ошкор бўлишидан етказилган зарарларни ҳисоб-китоб қилиш билан банд ва эълон қилинган материаллар нега бунчалик узоқ вақт эътибордан четда қолганини тушунолмай ҳалак, деб ёзади Washington Post.

Ўта махфий ҳужжатларнинг ўнлаб саҳифалари акс этган фотосуратлар 28 феврал ва 2 март куни Discord пластформасида эълон қилинган. Бироқ ҳукумат ўтган ҳафта ичида New York Times нашри ушбу маълумотларни чоп этганидан сўнггина ундан хабар топган.

Ҳужжатларда нималар бор?

Махфий материалларнинг иккинчи порцияси Украина, Яқин Шарқ, Жанубий Корея ва Хитойга оид Америка миллий хавфсизлиги борасида 100 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат.

Тармоққа тарқалиб кетган материалларни пухта ўрганиб чиққан New York Times нашри ҳужжатлар АҚШ Россия ҳукумати, Украина ва иттифоқчи мамлакатлар амалдорларини қандай кузатаётганидан сўзлашини таъкидлаган.

Хусусан, АҚШ у ёки бу даражада Россиянинг ҳар бир махсус хизматидан маълумотлар олиб туриши маълум бўлган. «Мутлақо махфий» белгиси остидаги ҳужжатлардан бирида НАТО давлатлари томонидан Украинага етказиб берилаётган танкларга қарши Россия бош штабининг режалари муҳокама қилинган.

Материаллардан ойдинлашишича, Америка махсус хизматлари реал вақт режимида Киевни Россиянинг зарба бериш вақтлари ва бу зарбалардан кўзланган мақсад борасида огоҳлантириб турган ва шу йўл билан Украинага қарши чоралар кўриш учун имконият яратишган.

Washington Post нашри ёзишича, масалан, махфий ҳужжатлар феврал ойининг муайян санасида Россия мудофаа вазирлиги томонидан Украина қўшинлари позициясига зарба бериш бўйича режа узатилганидан Америка разведкаси хабардор бўлганидан сўзлайди. АҚШ разведкаси РФ ҳарбийлари Украинадаги ўнлаб энергетика объектлари ва шунча миқдордаги кўприкларга зарба беришидан аввалдан хабардор бўлган.

Разведка ҳисоботлари Америка Қўшма Штатлари Украина олий ҳарбий ва сиёсий раҳбариятини кузатаётганини ҳам кўрсатади. Бу Вашингтоннинг Украина ҳарбий стратегияси ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлишга уринишларини акс эттиради.