Жамият | 17:01 / 11.04.2023
25191
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мактабларнинг бирида 8-синф ўқувчиси вафот этди

Миробод туманидаги 110-сонли мактаб ўқувчиси 10 апрел куни соат 17:30 ларда вафот этган. Дастлабки экспертиза хулосасига кўра, 13 ёшли боланинг ўлимига ошқозоности безига кенг кўламли қон қуйилиши ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлган. Мактабдаги видеокамера ёзувларидан, воқеа жойида жанжал ёки келишмовчилик бўлгани аниқланмаган.

Фото: Kun.uz

Кеча, 10 апрел куни Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 110-сонли мактабда 8-синф ўқувчиси вафот этди.

Kun.uz боғланган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматига кўра, воқеа дарс вақтида эмас (ижтимоий тармоқларда ҳолат жисмоний тарбия дарсида рўй бергани ҳақида миш-миш тарқалди), дарслардан кейин рўй берган.

Бош прокуратуранинг Kun.uz'га маълум қилишича, 10 апрел куни Миробод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 110-сонли мактабда 8-синф ўқувчиси С.М. соат 17:30 ларда вафот этган. Ҳодиса содир бўлган жойга туман ҳокими, туман прокуратураси, туман ИИО ФМБ раҳбарияти, тезкор навбатчилик гуруҳи етиб борган.

Қайд этилишича, ўша вақтда мактаб видеокамера ёзувлари ҳам текширилган, воқеа жойида жанжал ёки келишмовчилик аниқланмаган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, 2009 йилда туғилган боланинг ўлимига “ошқозон ости безига кенг кўламли қон қуйилиши, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги, ўнг кўз ёнида шилинма, ички аъзолари тўла қонлиги, бош мия ва ўпкалар шиши” сабаб бўлган.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид