Трамп ўз чиқишида дунёни учинчи жаҳон урушидан огоҳлантирди ва бу Байден администрацияси вақтида содир бўлиши мумкинлигини айтди. Собиқ президент ўзига қўйилган айбловни тан олмаяпти ва 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш фикридан қайтгани йўқ. Хўш, Трамп президентлик сайловларида иштирок эта оладими?

Айни вақтда Трамп атрофида нималар бўлмоқда?

АҚШ тарихида илк марта мамлакатнинг амалдаги ёки собиқ президентига қарши жиноий иш очилди. Трамп унга қарши айблов ўқиб эшиттирилиши учун ўзи яшайдиган Флорида штатидан Нью-Йоркка чақиртирилди. У ўз самолётида ва ўз қўриқчилари ҳамроҳлигида суд биносига борди. Манҳэттен прокуратураси Трампни фақат расмиятчилик учун ҳибсга олган бўлди. Кейин Трампдан бармоқ излари олинди, лекин жиноий иш ҳужжатлари учун ҳар томонидан суратга туширилмади. Собиқ президент унга нисбатан айблов ўқиб эшиттирилгач, суд залини тарк этди. Ундан товон пули ҳам талаб қилинмади.

Доналд Трамп суд мажлиси олдидан
Angus Mordant / Bloomberg / Getty Images

Собиқ президентга қарши бу айблов доирасида бундай процедура ўтказилиши кутилганди. Чунки Катта жюри деб аталадиган судялар гуруҳи Трампга қарши айбловни асосли деб топганди. Аммо барибир айбловдан нималар ўрин олиши, Трамп унга қандай муносабат билдириши қизиқ эди.

Трамп ўзини ҳисбга олишлари ҳақида бу иш расмийлаштирилишидан бир неча кун аввал айтиб бўлганди. Шундан кейин АҚШ нашрларида Трамп судга чақиртирилиши жараёнини президентлик сайловларидаги асосий тарғибот кампаниясига айлантирмоқчи экани ҳақида ёза бошлашди.

Маълум бўлишича, Трампга судялар билан видеоалоқа орқали мулоқот қилиш таклиф этилган, аммо 45-президент судда шахсан иштирок этишини айтган. Трампнинг адвокатларига яқин манбага кўра, у суддан олдин ўзини гўёки Исо масиҳга қиёслаган ва шундай деган: «Сиз бунга мажбур бўлмаслигингиз учун тўрт томондан ёғилаётган бу дардни ўзим қабул қилишга тайёрман. Агар улар бу ишни мен билан қила олишса, демак қолган ҳаммагача етиб боришади».

Суд куни Трамп яхшигина ҳаяжонланди. Нью-Йорк кўчаларида Трампнинг юзлаб тарафдорлари ва улардан кам бўлмаган танқидчилари чиқишди. Трамп суддан чиққач, журналистлар билан суҳбатлашмади ва машинасига ўтириб аэропортга йўл олди. Суд унга ишни оммавий изоҳлашни тақиқламади, лекин «кескин баёнотлардан тийилиш»ни сўради.

Аммо Трамп суднинг айтганини қилмади – Флоридага етиб бориши билан ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзлаб, дунё учинчи жаҳон уруши арафасида турганини айтди. У Байден вақтида дунё ядро урушига жуда яқин келгани, «мамлакатнинг расвоси чиқаётгани», ягона айби «баъзилар расвосини чиқарган Американи жон-жаҳди билан ҳимоя қилгани» эканини айтди.