BBC нашри ошкор қилинган ҳужжатлардаги баъзи маълумотлар, хусусан, Украина урушидаги томонларнинг йўқотишларини баҳолаш, АҚШ разведка агентликларининг иттифоқчи давлатлар раҳбарияти ортидан кузатуви, Украинада Ғарб мамлакатлари махсус кучларининг кичик бўлинмалари мавжудлиги ва Сербиянинг Украинага қурол етказиб беришга тайёрлиги ҳақида олдинроқ ёзганди.

Сизиб чиққан маълумотларга алоқадор расмийлар одатдагидек ҳужжатлар мазмунига изоҳ бермаган. Улар қоғозлардаги маълумотлар ёлғонлиги ёки эскирганини айтган. Охирги марта шундай баёнотни Украина мудофаа вазири Олексий Резников берди. У сиздирилган ахборотлар тўғри ва ёлғон маълумотлар қоришмаси эканини маълум қилди.

Бироқ, журналистлар интернетда тарқалган ўнлаб файллар ичидан янги қизиқарли маълумотлар тавсифларни топмоқда.

Президентлар ўлими ва Кремлга зарба

The New York Times АҚШ разведкаси урушдаги вазиятни тубдан ўзгартирадиган воқеалар – Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ўлими, Россия ҳарбий раҳбариятининг давлат ишларига куч билан аралашиши ва украиналикларнинг Кремлга зарбаси юз берган тақдирда таклиф қиладиган ҳаракатлар режаси ҳақида ёзди.

Донецк областининг Часив Яр шаҳридаги украин ҳарбийлари. Фото: Reuters

Нашрнинг таъкидлашича, бу сценарийлар олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган воқеалар (инглизча wild card) — зиддиятнинг ўта кескинлашишидан тортиб тинчлик музокараларигача, сифатида белгиланган. АҚШ ҳарбий разведкаси бу ҳодисаларнинг эҳтимоли ва оқибатларини баҳоламайди, балки фақат қўмондонлар ва сиёсатчиларга бундай воқеа содир бўлганда нима қилиш кераклиги бўйича вариантлар таклиф қилади.