Ўзбекистон | 16:55 / 14.04.2023
7344
3 дақиқада ўқилади

Сергелида “Конституция бизники!” тарғибот тадбирлари давом этмоқда

Янгиланаётган Конституциянинг халқчил, инсон қадри улуғланаётган Конституция деб таърифланиши бежиз эмас, аслида. Сабаби сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар негизида ҳам Инсон учун, Инсон қадри учун деган муҳим омиллар бор. Мана шу омилларнинг Бош қомусимизда ҳам ифодаланиши кейинги ислоҳотлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Шу нуқтаи назардан ҳам республика миқёсида бу жараёнларни халққа тушунтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва киритилаётган ҳар бир ўзгартиришларни тўғри талқин ва тарғиб қилиш жуда катта билим ва масъулият талаб этади.

Ҳозирда Сергели туманининг 46 та маҳалласида 230 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман миқёсида 30 та мактабгача таълим ташкилоти бўлса, 26 та мактабда 39 440 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Туман бўйлаб аҳолининг барча қатламини тўлиқ қамраб олиш мақсадида босқичма-босқич тарғибот ишлари маҳалла, мактаб ва бошқа ташкилотлар кесимида олиб борилмоқда.

Хусусан, маҳаллаларда алоҳида тарғибот гуруҳлари, мактаб ва боғчалар учун алоҳида дастур асосида "Конституция бизники" шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллалар кесимида ҳар куни мазкур шиор остида тарғибот концерт дастурлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу дастур мутахассислар жалб этилган ҳолда, аҳолининг ҳар бир қатлами ёшлар, кексалар, болалар учун ҳам тарғибот, ҳам ёш ижодкорлар иштирокидаги кўнгилочар концерт шаклида тақдим этилмоқда. Бу эса, уйда болалар тарбиясидаги оналар ва уларнинг фарзандлари, кексалар, шунингдек, кўпроқ ёшлар жамоасини қамраб олишда алоҳида аҳамиятлидир. Март ойидан бошланган мазкур тарғибот дастурлари референдумга қадар давом этиши, шунингдек, ҳар бир фуқароларга белгиланган ва ўзгартирилаётган нормаларнинг тўғри тушунтирилиши назарда тутилган.

Ўйлаймизки, бу каби дастурлар нафақат тарғибот, балки аҳолимиз учун юқори кайфият манбаига ҳам айланиб улгурди. Айниқса, маҳаллалардаги концерт дастурлари ота-оналарнинг ишдан кейин фарзандлар билан бирга вақт ўтказишлари учун айни муддао бўлди. Туман бўйлаб “Конституция Бизники” шиори остидаги тарғибот концерт дастурлари 28 апрелга қадар давом этади.

Мавзуга оид