Украинада урушнинг 416-куни ўтди. Асосий маълумотлар

  • Россия қўшини 14 апрел куни Донецк областининг Словянск шаҳридаги аҳоли яшаш кварталларига йўллаган зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди, яна 23 киши яраланган. Қурбонлар ва жабрланганлар орасида болалар ҳам бор.
  • Украин ҳарбийлари Курск областининг чегарадош ҳудудларини ўққа тутган. Икки қишлоқда ток узилган.
  • Володимир Зеленский Игор Акинфеев, Илья Авербух, Светлана Хоркина ва РФдан бўлган бошқа собиқ ва ҳозирги ўнлаб спортчиларга санкция қўллади. Шунингдек, мудофаа вазирининг қизи Ксения Шойгу ҳам санкцияга учраган — у Россия триатлон Федерациясига раҳбарлик қилади.
  • Россия президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Сергей Кириенко Мариуполга келди.
  • Полша 30 июнга қадар Украинадан буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини тақиқлади.

Словянск ўққа тутилиши оқибатлари

Россия қўшини 14 апрел куни Донецк областидаги Словянск шаҳрига еттита ракета учирди, натижада бешта кўп қаватли уй ва бешта хусусий уй, шунингдек, дўкон, хўжалик маркази, клуб ва учта автомобил шикастланган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 11 киши ҳалок бўлиб, 23 киши тан жароҳати олган. Харобалар остида яна одамлар бўлиши мумкин. Россия томони Словянск ўққа тутилиши юзасидан изоҳ бермаган.

Россия ҳукумати Украинада «фақат ҳарбий объектлар»га зарба беришини айтиб келарди. 

Қуйида Словянскдаги турар жойлар ўққа тутилиши оқибатлари акс этган суратлар.

Россияликлар Словянск бўйлаб учирган етти ракетадан бири келиб тушган беш қаватли уйдаги ҳолат.
Ihor Tkachov / AFP / Scanpix / LETA
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Қутқарувчилар ва кўнгиллилар Словянск ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган болани олиб чиқишмоқда. Беш қаватли уйлардан бирида иккита юқори қават қулаб тушган — бу ерда икки ёшли бола бўлган. Қутқарувчилар етиб боришганида у тирик эди, аммо шифохонага олиб кетишда жон берган.