Ўзингда бор нарсаларнинг, айниқса, оиланинг қадрига етмаслик якунда тузатиб бўлмас хатоларни келтириб чиқаради. “Ҳаётий ҳикоялар”нинг бу галги қаҳрамони ҳам вақтида турмуш ўртоғининг, оиласининг қадрига етмаганлардан. Ношукурлик ортидан ўз бахтини ўзи барбод қилиб, боши деворга текканда кўзи очилган аёл. Қуйида унинг ҳикоясини тинглаймиз.
“Ўша вақтларда ўзимни анча бахтсиз ҳис этардим. Лекин энди ўйлаб қарасам, мендан бахтли одам бўлмаган экан. Тоғдек суянчиғим – эрим, бағримни тўлдирган уч ўғлим бор эди”, дея энтикиб қўйди аёл.
“Тўққиз фарзанднинг каттасига келин бўлганман. Қайнонам мени яхши кўриб келин қилган. Уларнинг яхши муомаласи, соддалиги онамга ҳам ёқиб қолган. Мен эса уста йигитга турмушга чиқишни истамасдим. Ҳа, куёв бўлмиш уста эди.
Ўзимнинг чиройимга ошиқ бўлиб, фақатгина шаҳзодаларга муносибман, деб ўйлардим. Қаршилигимга қарамай тўй бўлди. Лекин эримни ҳеч севолмадим. Яхши гаплари ҳам, эркалатмоқчи бўлиши ҳам ёқмасди. Жеркиб ташлардим. Эрим эса буни нозга йўйиб, кўнглимни олишга кўпроқ ҳаракат қиларди.
Биринчи келин бўлганим учун қайнота-қайнонам мени авайлашарди. Овқатларим ўхшамаса ҳам қайнотам “Дастурхонга келтирилган овқат зириллаб туради, мени ҳеч ким ёмонламасмикан, деб. Ҳечқиси йўқ, бир кун ундай, бир кун бундай”, деб еяверарди.
Улардан қўрқибми, ҳеч ким овқатдан юзини бурмасди. Қайнсингилларим ортимдан қолмас, уй супурсам полларини артар, ҳовли супурсам сув сепиб беришарди. Лекин мен ўшанда буларни табиий қабул қилардим. Қилади-да, шу уйда яшаганидан кейин, деб ўйлардим.
Шукур, яхши одамларга келин бўлибман, деган ўй хаёлимга ҳам келмасди. Биринчи ўғлимни дунёга келтирганимдан сўнг эримни умуман ёмон кўриб қолдим. Уни ўзимга яқинлаштириш у ёқда турсин, юзига қарагим келмасди.
Эримга эътибор бермай қўйганим сари менга кўпроқ эътибор берар, ўзингни тиклаб ол, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, дерди.
Ишдан келганидан сўнг китоб ўқийдиган одати бор эди. Ҳатто шу ҳам асабимга тегарди. Ўзинг-ку бир уста бўлсанг, китоб ўқиганингга ўлайми, дердим ичимда.
Вақт ўтгани сари эрим меҳр, эътибор кўрсатишдан чарчади. Ичиб келадиган одат чиқарди. Биринчи марта ичиб келган куни менинг айбим нима, мендан нима истайсан, деб жанжал қилди. Жавобимни беринг, кетаман дедим. Бор катта кўча, кетсанг кетавер, деган жавобни олдим.
Қайнонам ҳайҳайлаб ўртага тушди. Лекин мени олиб қололмади. Онамникида бир ҳафта ўтирдим. Ростини айтсам қийналиб кетдим. Бир томондан онамнинг шундай одамларни билмасанг кўзинг кўр бўлади, дея насиҳат қилавериши, яна бир томондан боламнинг инжиқ бўлиб қолгани эзиб юборди.


















