Жаҳон | 07:40 / 18.04.2023
7011
4 дақиқада ўқилади

Навалний Кара-Мурзанинг 25 йилга қамалганига муносабат билдирди

Россия мухолифати етакчиси Кара-Мурзага чиқарилган ҳукмни Россия «ФСБ» томонидан содир этилган иккита заҳарланишдан омон қолгани учун ўлмаганига қасос деб ҳисоблайди.

Алексей Навалний / Фото: Picture Alliance

Владимирдаги колонияда жазони ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Москва шаҳар суди сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурзага чиқарган ҳукмни «ноқонуний ва виждонсиз» деб атади. Навалнийнинг Владимир колониясига қарши адвокатнинг уни кўришига рухсат бермаслик ҳақидаги даъвосидаги баёнотини сиёсатчининг ҳамкори Иван Жданов ўзининг Telegram-каналида келтирган.

«Унга берилган жазо муддати -  бу Россия «ФСБ» томонидан содир этилган иккита заҳарланишдан омон қолгани учун ўлмаганига қасос. Россия «ФСБ» томонидан содир этилгани аллақачон исботланган», деди Навалний ва Кара-Мурза сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини қўшимча қилиб ўтди.

«Мен унинг соғлиғидан жуда хавотирдаман. Мен уни иккинчи заҳарланишдан кейин кўрганман ва унинг соғлиғи деярли йўқолганига гувоҳ бўлдим», - дея таъкидлади Навалний.

Москва шаҳар суди мухолифатчи сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурзага нисбатан айблов ҳукмини чиқарди. 17 апрель куни у 25 йилга озодликдан маҳрум этилди: 7 йил - «ҳарбий фейклар» учун, 3 йил - «номақбул» ташкилот фаолиятида иштирок этгани учун ва 18 йил - давлатга хиёнат бўйича жиноят иши юзасидан.

10 апрель куни сўнгги сўз билан чиқиш қилган Кара-Мурза «Россияни севишини» ва «ҳеч нарсадан афсусланмаслигини» айтди. «Охирги сўзда одатда оқлов ҳақида сўрашади. Жиноят қилмаган одам учун қонуний ҳукм фақат оқланиш бўларди. Лекин мен бу суддан ҳеч нарса сўрамайман. Мен ҳукмимни биламан... Бироқ шуни ҳам билингки, кун келади, юртимиз устидан зулмат тарқалади; қора ранг - қора, оқ ранг - оқ деб аталади; икки карра икки тўрт экани расмий даражада тан олинади; уруш - бу уруш экани очиқ айтилади, узурпатор эса - узурпатор экани маълум қилинади; ўшанда бу урушни тўхтатмоқчи бўлганлар эмас, балки бу урушни қўзғатганлар жиноятчилар деб тан олинади», деди у.

Владимир Кара-Мурза 2022 йил 22 апрелда Москванинг Басманний судига келтирилганди. Судья уни Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатганликда айблаб, тергов изоляторига жўнатди. Бунга, тахминларга кўра, сиёсатчининг 2022 йил 15 март куни Аризона штати Вакиллар палатасида Украинадаги «турар жойлар, шифохоналар ва мактабларга бомба ташланганини» тилга олган нутқи сабаб бўлган. 

Ҳаммаси бўлиб, Кара-Мурзага Россия Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбловлар қўйилди - Россия Қуролли кучлари ҳақида «фейк» маълумотларни тарқатиш ҳақидаги моддага қўшимча равишда, давлатга хиёнат ва «номақбул» ташкилот фаолиятига алоқадорлик тўғрисида (сиёсатчи «Открытая Россия» ҳаракатининг координатори эди). Кара-Мурзанинг ўзи қўйилган айбловларнинг бирортаси бўйича ҳам айбини тан олмади ва унга нисбатан таъқибни сиёсий мотивга эга деб атади. 

Мавзуга оид