Ўзбекистон | 17:04 / 18.04.2023
20481
3 дақиқада ўқилади

«У режиссёрга борганман, йўқ деган, бу режиссёрга борганман, йўқ деган» — Мурод Ражабов «Темир хотин» фильмининг яратилиши ҳақида

«Темир хотин» фильмидаги Қўчқорбой образи Мурод Ражабовнинг ташриф қоғозига айланган ролларидан биридир. Бироқ ўзбек киноси хазинасига айланган «Темир хотин»нинг кинотасмаларга муҳрланишига ҳам айнан Мурод Ражабов сабабчи бўлганини кўпчилик билмайди. Бу ҳақда марҳум актёр Kun.uzʼга берган интервюсида маълум қилганди.

Мурод Ражабов «Темир хотин» асарини театрга олиб борган, бироқ олишмаган, шундан кейин фильм сифатида экран юзини кўришини истаган. Актёр бунга сабаб сифатида асарнинг самимият, дард билан ёзилганини таъкидлаган.

«Шароф Бошбеков жуда зўр ёзган бу асарни. Италянларнинг шунга ўхшаш фильми бор эди. Ундан сўраганимда шу кинони кўрганини айтган. Ўша кинода ҳам бир бойнинг шундай темир хотини бўлади. Ёзувчи шу кинодан илҳомланган. Асар жуда зўр ёзилган. Унда кучли драматургия, самимият, дард бор. Умуман, ҳар томонлама етук бўлган бу асар.

Театрга олиб келганман, лекин олишмаган. Кейин Фарҳод Мусажонов ёнига борганман, ўшанда «Ўзбекфильм»нинг бош муҳаррири эди. Шу асарни кино қилайлик, яхши асар-ку, нега эътибор бермайсизлар деганман. Фарҳод ака ўқиб чиққач, кино олишга рухсат берган», — деганди марҳум актёр.

Санъаткор асарни яхши кўриб қолгани сабаб, кино қилинса унда рол ижро этишни хоҳлаганини ҳам айтади: «Нима десам экан, асар менга умумий ёққан жуда. Кино қилинса, ўйнардим деган хоҳиш пайдо бўлган. Фильмни суратга олиш учун режиссёр қидирганман. У режиссёрга борганман йўқ деган, бу режиссёрга борганман йўқ деган. Кейин кутилмаган тасодиф билан кинорежиссёр Исамат Эргашевнинг қўлига тушган бу фильм».

Актёр фильмда сценарийдан ташқари эпизодлар ҳам ўйлаб топилганини таъкидлаганди: «Тушида ҳинд қаҳрамони бўлиб қолишини кўрганини ўзимиз ўйлаб топганмиз. Бундай топилмалар кўп».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр, ўзбек кино хазинасидан жой олган қатор филмлардаги роллари билан томошабинлар меҳрини қозонган Мурод Ражабов 8 апрел куни узоқ давом этган касалликдан сўнг 74 ёшида вафот этди.

Kun.uz актёрнинг вафотидан 3 ой муқаддам ундан интервью олганди. Мурод Ражабов суҳбатда театр ва кинода ижро этган роллари, ижоддан кетиши сабаблари, «қора рўйхат»га тушиши ҳақида гапириб берганди.

Мавзуга оид