Олий тоифага эга сирдарёлик ўқитувчи мактабда 20 соат дарс беради, синф раҳбарлик қилади ҳамда дафтар текширади. Шулар билан бирга ҳисобланганда 3 млн 700 минг сўм ойлик олади. Педагог ўзининг Twitterʼдаги саҳифасида соҳадаги энг оғриқли нуқталардан бири ойлик ҳақида ёзиб, ўқитувчиликдан кетиш ҳақида ўйлаётганини таъкидлайди.

“Ўқитувчиликни ташлаб, даромади яхшироқ бошқа иш қилгим келяпти. Ойлик оласан-да бошинг оғриб ўйлайсан: бу пулни нимага етказсам экан, деб коммунал тўловлар, кредит, ойлик тўланиши зарур бўлган тўловлардан ортган пулни қандай тақсимлаш ҳақида бош қотирасан”, – дея ёзади ўқитувчи.

Шуми ўқитувчига ҳурмат, меҳнатига жавоб?

“Боланг ўсиб боряпти — уст-боши кичрайиб қолади ёки дарров йиртилади, эскиради, нимадир егиси келади, ҳиқиллаб туради, айлангиси келади, ундан ташқари, ҳар куни кундалик харажатлари учун пул бериб туриш керак. Истаганларини муҳайё қилишга имконинг етмайди.

Онангни йўқлагинг келади, нимадир обергинг, егиси келганини оғзига тутгинг келади, лекин чўнтагингдаги ҳисоб-китобли арзимаган пулингга қараб юрагинг эзилади.

Боланг оғрийди, ўзингни касаллик қийнайди йиллаб, лекин докторга боришга ўйланасан, имконинг етмайди, болаларимнинг олдида виждоним қийналади.

Аёлларга хос одатларни ҳам унутяпман: чиройли кийиниш, зеб-зийнатлар ҳақида-ку орзу ҳам қилмай қўйганман, фақат “бор-ку, шу борини кийиб турай”, – дейдиган бўлганман. Болаларимга ҳам тинмай “сабр қил, сабрли бўл”, дейишдан нарига ўтолмайман.

Даволаниш туфайли янаям харажатларни қисқартирдим, қарз бўлишга ҳам улгурдим. Баъзида болам исён қилиб қолади: “қачон бизнинг уйимиз битади, қачон меҳмон чақирамиз биз ҳам, ўртоқларим ундоқ, бундоқ”, – деб. У куни банкда ишлайдиган бир танишим: “эрим 14 млн ойлик олади, мукофот пулларидан ташқари”, – деди. Мен олий тоифали ўқитувчи бўлиб, бу маош учун 4 ой ишлайман. Шуми ўқитувчига ҳурмат, меҳнатига жавоб?” – дея хўрсинади.

Қандай қилиб шунча етишмовчиликлар ичида яшаётган одамдан натижа кутасиз?

“Сиз бир кун 6-7 ёшли гўдакка дарс ўтиб кўрганмисиз? Бир болага ўргатиш, таълим-тарбия бериш қанчалар машаққатли эканини биласизми? Биз эса нечталаб болаларга меҳримизни, жонимизни, бор билимимизни берамиз, асабимиз, соғлигимизни сарфлаймиз.

Лекин оқибатда “Сизлар ойликни ошириш ҳақида эмас, таълим сифатини ошириш ҳақида ўйланглар”, деган миннатли гапни эшитамиз. Бошқа соҳа ходимларидан қаеримиз кам? Меҳнатимиз шунақа арзимас баҳоланадими? Қандай қилиб шунча етишмовчиликлар ичида яшаётган одамдан натижа кутасиз?