Жаҳон | 08:04 / 19.04.2023
6119
2 дақиқада ўқилади

Киев маслаҳатлашувлар учун Беларусдаги элчисини чақириб олди

Беларус раҳбари Александр Лукашенко Минскда Россия томонидан тайинланган «ДХР раҳбари вазифасини бажарувчи» Денис Пушилин билан учрашиб, Донецкка «ёрдам» беришга тайёрлигини билдирди.

Денис Пушилин ва Александр Лукашенко

Беларус раҳбари Александр Лукашенко Минскда Россия томонидан тайинланган «ДХРнинг муваққат раҳбари» Денис Пушилинни қабул қилганидан сўнг, Украина 18 апрель, сешанба куни ўзининг Беларусдаги элчиси Игор Кизимни маслаҳатлашувлар учун Киевга чақириб олишини маълум қилди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Лукашенко ва Пушилин ўртасидаги учрашув «Донецкдаги Россия оккупацион маъмурияти вакилини қонунийлаштиришга (...) уриниш» деб аталди. «Оғир жиноятлар содир этгани учун Украина терговидан яшириниб юрган, Украина ва халқаро санкциялар остида бўлган Россия оккупацион маъмурияти вакили билан учрашувни Беларус Республикасининг тажовузкорни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги очиқ-ойдин нодўстона ҳаракати, деб ҳисоблаймиз», - дея баёнот берди Украина вазирлиги.

Шу билан бирга, Киев Минскни «бундай бузғунчи қадамлардан тийилишга ва Россиянинг Украинага қарши агрессив урушини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга» чақирди.

«ДХР раҳбари вазифасини бажарувчи» Денис Пушилин 18 апрель куни Минскда Беларус раҳбари Александр Лукашенко билан учрашди. Лукашенко матбуот хизматининг хабар беришича, бу учрашувда у Пушилиндан Беларус Донецкка қандай ёрдам бера олишини сўраган.

Мавзуга оид