
Newsweek журналистлари айтишича, улар 40 дан ортиқ махфий разведка ҳужжатлари билан танишиб чиққан, улардан йигирматаси биринчи марта нашр этилмоқда.
Ҳужжатлардаги маълумотлардан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
— Россия армияси амалда бир жойда тўхтаб қолмоқда. Россияликларнинг асосий кучлари жамланган Бахмут ҳудудидаги олдинги силжиш ўтган йилнинг июл ойидан буён ойига 2,7 километрни ташкил этяпти;
— Бахмут атрофидаги жангларда қатнашаётган ёлланма жангчилар сони мунтазам армия аскарлари сонидан сезиларли даражада кўп. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, «Вагнер»нинг 22 минг жангчиси Бахмутдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган кучларнинг 70 фоизини ташкил қилади;
— Ҳужжатлардан бирида таъкидланишича, Россия АҚШ ва НАТОнинг разведка ҳаракатларига «реакция кўрсатган», шунинг учун разведкани давом эттиришдан маъно бор ёки йўқлигини ўрганиш лозим;
— Яна бир қанча ҳужжатларда 30 апрелга режалаштирилган Украина қарши ҳужуми олдидан Киевга қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида сўз боради.

Ушбу ҳужжатларнинг барчаси Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг разведка бошқармаси томонидан тайёрланган ва 27 февралдан 1 мартгача бўлган кунлик брифинглар учун асос бўлган. Уларнинг аҳамияти турлича баҳоланади, аммо улар, шубҳасиз, АҚШ разведкасининг уруш ҳаракатларига нисбатан қарашларини акс эттиради.
«Гарчи Бахмут яқинидаги «Вагнер» ёлланма аскарларининг улуши ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотса-да, ундан ҳам муҳимроқ ахборот, «қурол етказиб бериш» 2023 йил 30 апрелига режалаштирилган «баҳорги ҳужум» билан якунланиши ҳақидаги маълумотдир», деб ёзади Newsweek нашри.
Ҳужумдан олдин тўққизта бригаданинг жанговар кучи сезиларли даражада оширилади.
«Тўққизта бригада учун зарур бўлган техниканинг умумий миқдорини — 253 та танк, 381 та пиёдалар жанговар машинаси, 480 та автомобил, 147 та артиллерия қуроли, шунингдек АҚШнинг HMMWV русумли 571 та зирҳли машинаси ташкил этади», дейилади ҳужжатда.

















