Жаҳон | 08:13 / 21.04.2023
7298
2 дақиқада ўқилади

FT: Хитой «Вагнер»нинг қурол билан таъминлаш ҳақидаги илтимосини рад этди

Financial Times'нинг АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, Хитой «Вагнер» ХҲКга ҳатто синов учун ҳам ҳеч қандай қурол юбормади ва қурол-яроғ етказиб бериш бўйича «Вагнер» ХҲК билан боғланмади».

Фото: РИА Новости

Хитой Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг (ХҲК) 2023 йил бошида қурол ва ўқ-дориларни етказиб бериш бўйича сўровини жавобсиз қолдирди. Бу ҳақда 20 апрель, пайшанба куни Financial Times газетаси АҚШ разведка хизматларининг сиздирилган махфий материалларига хабар берди.

«Вагнер гуруҳи»нинг Хитойга тўғридан тўғри сўрови, улар Пекин Москвага қурол етказиб беришга ва Хитой корхоналари ҳарбий кампанияни (Россиянинг Украинадаги) қўллаб-қувватлашнинг бошқа, жиддий бўлмаган шаклидан ташқарига чиқишга очиқ бўлишига ишончи борлигини кўрсатади», - дейилади нашр хабарида.

Шу билан бирга, АҚШ разведкаси ҳисоботига кўра, январь ойи бошида Хитой «Вагнер» ХҲКга ҳатто синов учун ҳам ҳеч қандай қурол юбормаган ва қурол-яроғ етказиб бериш бўйича «Вагнер» ХҲК билан боғланмаган», дейди журналистлар.

Вашингтон аввалроқ Пекин муҳим ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари ва ракета захираларини тўлдириш учун Россияни қуроллар билан таъминлаш имкониятини кўриб чиқаётганини, бироқ Хитойнинг Россияга бундай ёрдам кўрсатганига ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, ХХР Россияга қурол етказиб бериш режалари борлигини бир неча бор рад этиб, НАТОни Украинага ёрдам кўрсатиш орқали можарони қўзғатаётганликда айблаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид