Жаҳон | 08:24 / 22.04.2023
6114
3 дақиқада ўқилади

WP: Кремл Германияда Украинага қарши ҳаракат яратишга ҳаракат қилмоқда

Москва Германияда Киевни қўллаб-қувватлашга қарши ҳаракат яратиш учун АдГ ўнг қанот популистик партияси ва немис “сўллари” билан боғланди, деб ёзади The Washington Post.

Фото: Depositphotos

Россия “расмийлари” Германияда Украинага қарши кайфиятни уйғотиш ва Киевни қўллаб-қувватлашни сусайтириш мақсадида немис ўнг қанот популистик “Германия учун муқобиллик” (АдГ) партияси вакиллари, шунингдек, немис “сўллари” билан боғланди, деб хабар берди жума, 21 апрел куни Американинг The Washington Post газетаси.

WP'га кўра, у Европа давлатларидан бирининг разведкасидан олинган ҳужжатларга эга бўлиб, уларда Киевга қурол-яроғ етказиб бериш бўйича танқидий фикрларни кучайтириш учун "Германияга эътибор қаратиш" зарурлиги ҳақида Кремлдан аниқ ички кўрсатмалар мавжуд.

The Washington Post газетасида Россия расмийлари ва Германия сиёсий кучлари ўртасида тўғридан тўғри учрашувлар бўлганлигини кўрсатадиган ҳужжатлар йўқ, аммо масъул шахсларнинг хабарларига кўра, АдГ бир неча аъзоси, шунингдек, Германияда танқид қилинган Сўл партия вакили Саҳра Вагенкнехтга яқин бўлган камида бир киши руслар билан алоқада бўлган, деб ёзади WP.

Газетанинг ёзишича, Германияда Украинага қарши кайфиятни шакллантириш режалари 2022 йил июлидан ноябригача Кремлда фаол муҳокама қилинган ва сентябрда маърузачилардан бири немис ўнг қанот популистлари ҳамда "сўллар"нинг алоҳида вакилларини Киевга ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда ёрдам беришни танқид қилувчи шиорлар остида бирлаштириш ташаббусини илгари сурган. Бундай "урушга қарши" баёнотлар АдГ рейтингини ошириши, бошқа сиёсий лагер электорати ҳисобига унинг тарафдорлари сонини кўпайтириши ва Германия фуқаролари олдида "бирлаштирувчи" партия сифатида пайдо бўлишига имкон яратиши керак эди, деб ёзади The Washington Post.

Ташаббус кураторларидан бири сифатида у президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенкони келтирди. WP нашрига кўра, у Германиянинг Россия билан муносабатларини яхшилаш тарафдори бўлган немис фуқаролари улушини уч ой ичида камида 10 фоизга оширишни талаб қилган.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид