Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди 17 март куни Россия президенти Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Бугун мана шу мавзу яна диққат марказига тушди.

Ордерга кўра, Рим статутини имзолаган 123 та давлат Путин бу давлатларга борган тақдирда уни ҳибсга олишга мажбур. Путин уни қўлга олишга халқаро ордер берилганидан кейин Украинанинг босиб олинган ҳудудларига борди, аммо хорижга сафар қилгани йўқ. Табиийки Халқаро жиноят суди талабларини бажариш мажбуриятини олган хорижий давлатларга ҳам.

Путин 22 август куни илк марта Рим статутини имзолаган давлат ҳудудига қадам босиши мумкин. У Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР аъзо бўлган BRICS саммити йиғилишида иштирок этиш учун Жанубий Африка Республикасига таклиф қилинган. Дурбан шаҳрида ўтказилажак саммит олдидан ЖАР ҳукумати Путин билан юзага келиши мумкин бўлган ноқулай вазиятдан чиқиб кетиш йўлини изламоқда. Чунки мамлакат Халқаро суд талабларини бажариш мажбуриятини юклайдиган Рим статутини ратификация қилган.

Шу боис ЖАРда Путиннинг ташрифи олдидан Халқаро жиноят судидан чиқиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Мамлакат парламентининг қуйи палатасида кўпчилик овозга эга «Африка миллий конгресси» ҳукмрон партияси эса мамлакат Халқаро жиноят судидан чиқишини маълум қилиб бўлди.

Бу мавзу Финландия президенти Саули Ниинистёнинг ЖАРга ташрифи чоғида мамлакат президенти Сирил Рамапаса билан ўтказган учрашувида ҳам муҳокама қилинган.

«Баъзи ҳолатлардаги тарафкашлик учун»

«Юзага келган вазиятни ўрганишда давом этяпмиз. Бирор қарорга келишимиз билан маълум қиламиз. Ҳукмрон партиямизнинг бу қарори Халқаро жиноят суди маълум ҳолатларда тарафкашлик қилгани билан изоҳланмоқда», деган ЖАР президенти Сирил Рамапаса финландиялик ҳамкасби билан учрашувда.

Жанубий африкалик сиёсатчилар мамлакат Россия билан можарога боришни истамаса, тезда Халқаро суддан чиқиши керак деб ҳисобламоқда. Жараён амалга ошиши учун парламентда кўпчилик овоз бериши керак ва бу борада муаммо йўқ, чунки ҳукмрон партия бу таклифни қўллаб бўлди. Партиядаги муҳокамаларда аксар сиёсатчилар мамлакатнинг Ҳалқаро жиноят судидан чиқиши «ақлли қарор бўлади» деб айтган.

Африка сиёсатини кузатиб борувчи таҳлилчиларнинг фикрича, ЖАРнинг Халқаро жиноят суди бўйича келишувдан чиқиши кутилмаган воқелик бўлмайди. Чунки мамлакат Россиянинг Украинага босқинини қораламаган, бу борада нейтралликни сақлашни маъқул кўрган.