Октябр ойида ҳам Каталония пойтахтида «Жирона»нинг «Сантьяго Бернабеу»да эришган дуранги (1:1) тантана қилинганди. Ўшанда бу натижа Каталониянинг асосий жамоасининг бўлажак чемпионлиги учун қўшган ҳиссаси сифатида қабул қилинганди. Ярим йил ўтиб яна шу «Жирона» «Реал»ни камситган ҳолда барча каталонияликларни хушнуд этди, оқ-қизиллар жамоаси ҳужумчиси Валентин Кастельянос ҳақида эса сешанба оқшомида бутун Европа гапира бошлади.

Жаҳоннинг энг яхши жамоаси дарвозасига тўрт гол — улкан ҳодисадир. Бу Роберт Левандовскининг роппа-роса ўн йил муқаддам, 2013 йил 24 апрелида Чемпионлар лигаси яримфиналида мадридликлар дарвозасига йўллаган покеридан қолишмайдиган ҳодиса.

2006 йил февралида ҳам Диего Милито шундай порлоқ кечани ўтказганди. Ўшанда «Сарагоса» Испания Кубоги яримфиналида «Реал» мудофаасини чилпарчин қилганди (6:1). Бу сафарги ўйин икки жамоа учун ҳам турнир нуқтайи назаридан у қадар аҳамиятли эмасди. Аммо бундай ўйинлар тарихда юзлаб бўлган, «Реал»га эса ҳар ўйинда ҳам тўрт гол урилавермайди.

Гап шу куни дарвозада соғлигидаги муаммо юзага келган Тибо Куртуа турмаганида ҳам эмас. Дарвоза бўш эмасди, украиналик Лунин эса бу мавсумда биринчи бор асосий таркибда тушмаётганди ва у ўтказган ўйинлар орасида кузги класико ҳам. Ўшанда у «Барса»га қарши ўйинда биргина гол ўтказган, жамоа ишончли ғалабага эришганди (3:1), бу ўйинда эса ўртамиёна даражадаги рақиб тўрт гол уришга эришди. Ла лигада мадридликлар 76 йилдан буён бундай ҳолатга тушмаганди.

Умрга татигулик ўйин

Мавсум якунига саккиз тур қолганида Ла Лигада чемпионлик интригаси узил-кесил барҳам топди. «Барселона» «Реал»дан 11 очкога ўзиб кетганди, аммо бу ўйиндан кейин фарқ 14 очкога етди. «Реал» жиддий қаршилик кўрсатиши кутилмаган «Жирона»дан 4 гол ўтказди – барча голлар шу вақтгача деярли ҳеч ким танимаган аргентиналик форвард томонидан урилди.

Биринчи бўлимда «Жирона» «Реал»га нисбатан яхшироқ ўйнади дейиш қийин, аммо вазиятлардан унумли фойдаланиб, икки гол урди. 12-дақиқадаёқ майдон эгалари муваффақиятли ҳужум уюштирди, унинг якунида Валентин Кастельянос Мигел Гутьерреснинг узатмасидан кейин боши билан дарвозани ишғол этди – 1:0. «Реал»да биринчи дақиқадаёқ яхши вазият юзага келганди, аммо Родриго яқин масофадан туриб тўпни дарвоза тўрига кирита олмади.

24-дақиқага келиб Кастельянос дублни нишонлади: форвард Эдер Милитаодан қочиб кетди ва тўпни Андрей Луниннинг оёқлари орасидан ўтказди.