Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати энергетика соҳасини яхшилаш бўйича кўплаб тўғри қадамлар ташламоқда: қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш (бу билан қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтириш, экологик вазиятни яхшилаш мумкин), энергетика тизимларининг самарадорлигини ошириш, энергия сарфини камайтириш, аҳоли ўртасида энергияни тежаш маданиятини ривожлантириш, электрон ҳисоблагичларини ўрнатиш (электрон ҳисоблагичлар энергия сарфини тўғри ўлчаш ва тўловларни қулай қилиш, коррупция ва товламачиликлардан холи амалга ошириш имконини беради) – шулар жумласидан.

ГДР ва ГФР бирлашганда

Мен Германиянинг собиқ ГДР ҳудудида бир муддат яшаганман. Бир пайтлар бу ерда ИЭС тизими собиқ совет тизимига ўхшаш эди, икки Германия бирлашгандан кейин энергия тизими нолдан янгиланди. 2022 йилда Германиянинг умумий электр энергияси истеъмоли 483,9 млрд кВт·соатни ташкил этди, бу – дунёдаги бешинчи кўрсаткич. Ўзбекистонда эса умумий электр энергияси истеъмоли 65 млрд кВт·соатни ташкил этган (дунёдига 61-кўрсаткич), Германия Ўзбекистондан 7,4 баравар кўпроқ электр энергия истеъмол қилган.

Германияда ва Ўзбекистонда электр истеъмоли

Германия ва Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли тақсимоти бир-биридан фарқ қилади. Германияда истеъмолнинг энг катта улушига ишлаб чиқариш ва саноат (42%), шунингдек, уй хўжаликлари (27%) тўғри келади. Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолининг энг катта улушини ишлаб чиқариш (44%) ва транспорт (27%) эгаллайди.

2022 йил ҳолатига кўра, Германия аҳолиси 84,3 миллионга яқин, Ўзбекистонда эса 36 миллиондан ошиб кетди. Гарчи, Ўзбекистонда аҳоли сони камроқ бўлса-да, Германияда аҳоли жон бошига энергия истеъмоли ва тўлови Ўзбекистонга қараганда сезиларли даражада юқори. Германияда электр энергияси ва иш ҳақи ўртасидаги фарқ Ўзбекистон билан солиштирганда сезиларсиз эканига бир қанча омиллар мавжуд. Бу икки давлатнинг иқтисодий ривожланиши, технологик даражаси ва инфратузилмасидаги фарқлар билан боғлиқ. Германияда ўртача иш ҳақи эса Ўзбекистонникидан анча юқори, бу эса қўшимча электр харажатларини қоплаши мумкин. Аммо икки давлатдаги иқтисодий вазиятни тўлиқ таққослаш учун ишсизлик, инфляция, ижтимоий нафақалар ва бошқалар каби бошқа омилларни ҳам ҳисобга олиш зарур.

Германияда маиший истеъмолчилар учун электр энергия нархи Ўзбекистонникидан сезиларли даражада юқори. Ўтган йили Германияда маиший истеъмолчилар учун электр энергиянинг ўртача нархи 1 кВ·соат учун ўртача 0,35 еврони, Ўзбекистонда бу эса ўртача 0,035 еврони ташкил қилган.