Жаҳон | 14:01 / 28.04.2023
12617
2 дақиқада ўқилади

Россия президенти Владимир Путинга Молдовага кириш тақиқланди

Путиннинг Молдовага кириши тақиқлангани ҳақида ушбу мамлакат бош вазири Дорин Речан маълум қилди. У “урушни тарғиб қилаётган ҳамма тўхтатилади”, деб ваъда берди.

Фото: AP

Молдова бош вазири Дорин Речан 28 апрел, жума куни Молдова телевидениесига берган интервюсида Россия президенти Владимир Путинга Молдовага кириши тақиқланганини маълум қилди. Речаннинг сўзларига кўра, Молдовада мамлакатга кира олмайдиган Россия фуқароларининг қора рўйхати бор, унинг сўзларига кўра, баъзи амалдорлар бу рўйхатга фақат Молдовага киришга ҳаракат қилганларида билиб олишади.

Речан бир кун келиб қора рўйхатни оммага эълон қилишга ваъда берди. "Вақти келганида рўйхатни эълон қиламиз, ҳозирда ишлаётган механизм етарли. Оммавий рўйхатни тузиш учун давлат ресурсларини сарфлаш керакми ёки йўқми, ҳозирча билмайман", - дея тушунтирди у.

Дорин Речан "мамлакатга кириши керак бўлмаган ҳеч ким кириб келмаганини" таъкидлади. “Биз урушни тарғиб қилаётган ҳаммани тўхтатамиз”, деб ваъда берди Молдова бош вазири.

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд 17 март куни Путинни ҳибсга олишга ордер берди. Россия президентига ҳарбий жиноят - Россиянинг Украинага бостириб кириши вақтида Украина босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш айблови қўйилди.

Путин Халқаро жиноий суд ҳибсга олишни талаб қилган учинчи амалдаги давлат раҳбари ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг биринчи доимий аъзоси бўлди. Ундан олдин Халқаро жиноий суд Судан президенти Умар ал-Башир ва Ливия ҳукмдори Муаммар Қаддофийга қарши айбловлар қўйган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид