Германия – Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган ва 1992 йил 6 март куни мамлакатимиз билан дипломатик алоқаларни ўрнатган давлат. Ўтган давр мобайнида Германияга тўрт ва Ўзбекистонга 3 маротаба олий даражадаги расмий ташрифлар амалга оширилган. Шунингдек, 2-3 май кунлари президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга навбатдаги ташрифи кутилмоқда. Kun.uz Ўзбекистон ва Германия муносабатлари хронологияси ҳақида маълумот беради.
Олий даражадаги ташрифлар
Жами 7 та олий даражадаги ташрифлар Германияга 1993, 1995, 2001 ва 2019 йилларда, Ўзбекистонга эса 1995, 2002 ва 2019 йилларда амалга оширилган. Ҳамда 2021 йил 12 март куни Ўзбекистон президентининг Германия канцлери Ангела Меркел билан видеоконференцалоқа орқали музокаралари бўлиб ўтган.
Телефон мулоқотлари
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 17 ва 30 август ҳамда 2022 йил 14 март, 29 августда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер, шунингдек, 2021 йил 18 августда канцлер Ангела Меркел билан қўнғироқлашган – жами 5 та телефон орқали мулоқот.
Ўзаро манфаатли муносабатлар натижасида икки давлат ўртасидаги ҳукуматлар, парламентлар ва ишбилармонлар аро ҳамкорликлар ҳам йилдан йилга фаоллашиб борган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Германия ўртасида жами 145 та шартнома имзоланган бўлиб, шундан 92 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 20 таси идоралараро ва 33 таси бошқа хусусиятга эга.
Ўзаро товар айланмаси ва инвестициялар
Биргина 2021 йилда Германиядан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,1 миллиард долларни (+37,5 фоиз) ташкил этиб, улар нефт-газ ва фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилган. 2022 йил якунига кўра, бу кўрсаткич 769,1 миллион долларни ташкил қилди.



Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокида 219 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 97 таси якка тартибдаги тадбиркордир. 31 та немис компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.














