Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Македонскийдан Кушонлар империясигача” – Берлинда 4 май куни Ўзбекистоннинг археологик хазиналари кўргазмаси очилади
Берлинда сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Жеймс Симон галереяси ва унга туташ Берлин янги музейида ташкил қилинган қарийб 1000 кв.м майдонда Ўзбекистоннинг археологик ёдгорликлари жой олади.
Шу йилнинг 4 май кунидан очиладиган “Александр Македонскийдан Кушонлар империясигача” номли кўргазма Берлинга келган сайёҳлар учун 2024 йилнинг 14 январигача очиқ бўлади.
Бундан аввал шунга ўхшаш кўргазма ўтган йилнинг ноябрь ойидан 2023 йилнинг февралига қадар Париждаги Лувр музейида ҳам намойиш этилган. 3 ой давомида Луврга ташриф буюрган қарийб 300 минг меҳмон Ўзбекистон тарихи ҳақида маълумотга эга бўлган ҳамда маданий меросимизга катта қизиқиш билдирган.
Берлин кўргазмаси эса узоқроқ муддат, яъни 8 ой давом этади. Ушбу кўргазма Парижда намойиш этилганидан бироз фарқ қилади ва бу Ўзбекистон археологик хазиналарининг охирги тарғиботи эмас.
“Берлиндаги кўргазма эрамиздан аввалги 4-асрдан эрамизнинг 4-асригача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу кўргазмада Македонскийдан Кушонлар империясигача бўлган давр чуқурроқ кўрсатилган. Дунёнинг олди музейларидан ҳам ушбу кўргазмани ўтказиш борасида жуда кўп таклифлар тушмоқда. Масалан, Нидерландия ва АҚШ музейларидан”, — дейди Маданият ва ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлик бошқарма бошлиғи Бобур Саёмов.
Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон тарихи европаликлар учун қанчалик қизиқ? Бу борадаги кутилмалар қандай? Кўргазма олди прогнозлар ҳақида мутахассис ўз фикрлари билан бўлишди.
“Германия президенти жаноб Штайнмаернинг 2019 йил Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи давомида мамлакатингиз президенти билан турли соҳалардаги ҳамкорликка эришилганди. Сиз бугун кўриб турган кўргазма ҳозирликлари ҳам шу келишувларнинг бири бўлган маданий соҳадаги ҳамкорлик натижасидир.
Аслида бу ҳаракатлар бироз эртароқ 2018 йилда бошланганди ва биз кўргазма ташкил қилиш ҳақида ўйладик. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳақида қандай кўргазма ташкил қилинса, европаликлар учун қизиқ бўлади, деган кейинги савол ҳам турарди. Юнон ҳукмдори Александр Македонскийнинг милоддан аввалги 4-асрда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бўлгани ва Кушон империяси даври буддавийлик дини маданияти Европа учун қизиқ мавзулар. Шу учун ҳам мана шу даврни ўз ичига олган кўргазмаларни ташкил этишни мақсад қилдик.
Ўзбекистон маданий меросининг бир қисми Германия тарихига ҳам яқин. Бу Македонский шахси билан боғлиқ. Маълумки, у ўз юришларининг сўнгги йилларида ҳозирги Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтган. Ўзбекистон ҳудуди Европа, Хитой ва Ҳиндистон маданиятларини уйғунлаштира олган маданий марказ бўлгани сабабли ҳам кўпчилик учун бу кўргазма қизиқ бўлади”, — деди Берлин давлат музейлари илмий лойиҳалари бўйича мутахассис Манфред Наврот.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан йиғилган ноёб тарихий ашёлар ва экспонатларни ташиш, сақлаш шароитлари, хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган.
“284 кўргазма экспонати Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Нукус, Сурхондарё музейларидан олиб келинган. Бу жараёнга биз 1 йилдан зиёд тайёргарлик кўрдик. Кўргазма ташкил қилиш ўзи мураккаб жараён. Олиб келинган ҳамма ашёлар суғурталанган, шунингдек, Германия давлати томонидан ҳам расмий кафолат тақдим этилган”, — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакили Азизбек Маннопов.
Сардор Усмоний
Мавзуга оид
09:10 / 24.04.2026
Ризо Паҳлавий Берлинда ҳужумга учради
11:58 / 17.03.2026
Берлин аэропорти 18 март куни иш ташлаш сабабли барча рейсларни бекор қилади
15:13 / 28.02.2026
ХВЖ Киевга 8 млрд долларлик тўрт йиллик кредитни маъқуллади
12:49 / 30.01.2026