“Қарашларимиз ОАВда муҳокама қилинганидан кўра қатъийроқ” — Марказий банк P2P назоратига қарши
“Банк сири тўғрисидаги нормаларнинг бажарилиши тўлиқ таъминланмагунча, бу нарсага рухсат бермаймиз”, – деб баёнот берди МБ раиси Мамаризо Нурмуродов картадан картага ўтказмалар назорати ҳақида Kun.uz мухбири берган саволга жавобан. Унинг сўзларига кўра, регулятор бу борадаги салбий муносабатини вазирликка етказган.
Ўзбекистон Марказий банки ҳукуматнинг банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларидан хабардор бўлиб туришга интилишини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуродов 4 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг саволига жавобан маълум қилди.
“Биз ўзимизнинг фикримизни матбуот орқали етказмаганимизни Марказий банк ўз фикрини билдирмаган деб баҳоламаслик керак. Биз бу фармон чиққанидан кейин ўзимизнинг салбий муносабатимизни Солиқ қўмитасига, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига етказганмиз.
Бизнинг қарашларимиз ОАВда муҳокама қилинганидан кўра қатъийроқ. Ва биз буни етказганмиз.
Бунинг асосий туб мақсади нима экани ҳақида ҳалигача маълумот олганимиз йўқ. Бу нарса 1 майдан қўлланилмайди. Энг асосийси, сиз айтиб ўтган конституцион норма, банк қонунчилигидаги дахлсизлик нормалари бўйича тамойиллар тўлиқ бажарилмайдиган бўлса, буни амалда қўллаш бўйича низомлар ва бошқа қарашлар Марказий банк томонидан маъқулланмайди. Чунки бу нарса Марказий банк билан келишилган низом ёки кўрсатмадан сўнг амалга ошиши керак”, – деди Нурмуродов.
МБ раисига кўра, банклардан маълумот сўраш учун маълум бир тартиб, низом бўлиши керак, бу низом Марказий банк билан келишилмасдан банкларга етказилмайди.
“Конституциядаги нормалар ва банк қонунида белгиланган банк сири тўғрисидаги нормаларнинг бажарилиши тўлиқ таъминланмагунча, бу нарсага рухсат бермаймиз”, – деди монетар сиёсат органи раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги банклар ва тўлов ташкилотларидан картадан картага пул ўтказмалари учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш ва буни солиқ органларига узатиб туришни талаб қилмоқда. Вазирликнинг бу талаби 1 майдан кучга кириши кўзда тутилган эди.
Kun.uz бу талабнинг Конституцияга, банклар ва тўлов ташкилотларига оид қонунларга зидлиги ҳақида бир неча марта ёзди. Шу пайтга қадар на вазирлик, на қўмитадан бу масалада бирор бир реакция бўлгани йўқ.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024