Россияда инфратузилма объектларида портлашлар сезиларли даражада кўпайди - сўнгги беш кун ичида иккита нефт база ҳужумга учради, Брянск областида иккита поезд темирйўллардаги портлашлар туфайли издан чиқиб кетди. Чоршанба кунига келиб Кремл президентнинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар орқали ҳужум қилишга уриниш бўлганини маълум қилди. Россия ҳукумати бу ҳолатларнинг барчасини украиналик диверсантлар ҳаракати билан боғламоқда, Украина томони эса одатдаги каби масъулиятни ўзидан соқит қилмоқда. Буларнинг барчаси Украинанинг кутилаётган қарши ҳужуми фонида содир бўлмоқда. Бу воқеаларни қандай изоҳлаш мумкин?

Икки нефт база, икки юк поезди, аэродром, электр узатиш линияси

Севастополдаги ёнғин, 2023 йил 29 апрел. Фото: Reuters / Scanpix / LETA

29 апрел

Аннексия қилинган Қримнинг Севастопол шаҳридаги Казачя бухтадаги нефт базада шанба кунига ўтар кечаси  портлаш ва унинг ортидан йирик ёнғин юзага келганди. Маҳаллий расмийларнинг маълумотига кўра, иккита дрон ҳужуми оқибатида ёнилғи тўлдирилган тўртта цистерна ёниб кетган, аланга 2000 кв. метрдан ортиқ майдонни қамраб олган.

Украина разведкаси маълумотига кўра, Севастополдаги портлаш оқибатида 40 минг тонна нефт маҳсулотлари сақланган 10 та резервуар йўқ қилинган.

Украина армияси «Жануб» оператив қўмондонлиги матбуот котиби Наталя Гуменюк телеэфир вақтида Қримдаги нефт базадаги ёнғин «барча кутаётган кенг кўламли ҳужумга тайёргарликнинг бир қисми» эканини айтди. Киев Севастополдаги нефт базага қилинган ҳужум учун тўғридан тўғри жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

1 май

Ленинград области Гатчинский райони Сусанинский посёлкасида электр узатиш линияси портлатилди. Регион раҳбари Александр Дрозденкога кўра, яна бир электр узатиш линиясида ҳам портловчи қурилма топилган ва зарарсизлантирилган. 

Дрозденконинг сўзларига кўра, «диверсия» ва «портловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. 

Гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида маълумот берилмаган. Телеграм-каналларга кўра, улар Москвада яширинган бўлиши мумкин.