Жаҳон | 11:53 / 04.05.2023
4470
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ ракета ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни оширмоқда

Еврокомиссия Европа Иттифоқи мамлакатларида ракета ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни қўллаб-қувватлайди. Янги қувватларни яратиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва ишлаб чиқаришни оптималлаштириш учун ярим миллиард евро ажратилмоқда.

Фото: Getty Images

Еврокомиссия 3 май, чоршанба куни Европа Иттифоқининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳамда ўқ-дорилар, ракеталар ва уларнинг таркибий қисмлари тақчиллигини бартараф этишга қаратилган қонунчилик таклифини маъқуллади. Еврокомиссия ушбу мақсадлар учун 500 миллион евро ажратишни таклиф қилмоқда ва ЕИ давлатларини снарядлар ишлаб чиқаришга яна 500 миллион евро инвестицияларни жалб қилишга чақирмоқда.

Брюссел июн ойи охиригача Европарламент ва ЕИ Кенгаши томонидан тегишли қонуннинг тезкорлик билан қабул қилинишига умид қилмоқда. Унда кўзда тутилган қўллаб-қувватлаш чоралари 2025 йилнинг ўрталарига қадар амал қилади.

"Биз захиралар қисқаришини қоплаш учун кўпроқ ишлаб чиқаришимиз керак: сизларга маълумки, Европа Иттифоқи давлатлари Украинани зарур ўқ-дорилар билан таъминлаш учун бунга мажбур бўлган", - дея тушунтирди ички бозор бўйича Европа комиссари Терри Бретон Брюсселдаги матбуот анжуманида. Унинг эслатишича, Европа Иттифоқи яқин ўн икки ой ичида Киевга миллион артиллерия снаряди етказиб бериш мажбуриятини олган.

Бу Европа Иттифоқининг Украинани тезда ўқ-дорилар ва ракеталар билан таъминлаш, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ўз захираларини тўлдириш режасининг учинчи қисмидир. Биринчи қисм Европа Иттифоқи мамлакатлари захираларидан ўқ-дориларни Киевга зудлик билан етказиб беришни, иккинчиси - Украинани янада таъминлаш ва Европа мамлакатлари армиялари захираларини тўлдириш учун қўшма харидларни ўз ичига олади. Еврокомиссия дастлабки икки босқич учун бир миллиард евро ажратишни таклиф қилди, унинг биринчи босқичи ЕИ Кенгаши томонидан маъқулланган.

Мавзуга оид