Жаҳон | 14:07 / 07.05.2023
17315
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда этник низо оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Манипур штатида этник тўқнашувлар оқибатида, расмий маълумотларга кўра, камида 30 киши ҳалок бўлган.

Манипурда тартиб ўрнатиш учун минглаб ҳарбий хизматчилар юборилган. Фото: AFP

Манипурдаги этник озчилик штатдаги асосий этник гуруҳга ҳам худди ўзлариники каби «қабила» юридик мақоми берилишига қарши ўтказган митингдан кейин тартибсизликлар бошланди.

Оломон уйлар, автомобиллар, черковлар ва ибодатхоналарни вайрон қилган. Матбуотда тарқалган норасмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони 54 нафарга етади.

Хабар қилишларича, 10 мингдан ортиқ киши талончилардан қочиб, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Минглаб ҳарбий хизматчилар тартибни сақлашда кўмаклашиш учун мазкур штатга юборилган.

Штатнинг айрим туманларида комендантлик соати амал қилмоқда, интернетга кириш блокланган.

Қўшни штатлар Манипурдаги талабаларини эвакуация қилишга киришган.

Армия вазият назорат остига олингани ҳақида баёнот берди, аммо штат ҳукумати зўравонликнинг олдини олиш учун етарлича ҳаракат қилмасликда айбланмоқда.

Уч миллион киши яшовчи Манипур - Ҳиндистоннинг энг кичик штатларидан биридир. У мамлакат шимоли-шарқида, Мянма билан чегарада жойлашган.

Мейтей жамоати аъзолари (улар штат аҳолисининг 50 фоизга яқин қисмини ташкил этади) кўп йиллардан буён ўзларини рўйхатга олинган қабилалар тоифасига қўшишни талаб қилиб келади.

Манипур аҳолиси вакиллари талончилар гуруҳи бино ва автомобилларга ўт қўйгани ҳақида айтиб берган. Фото: AFP

Ҳиндистон ҳукумати расман тан олинган «қабилалар»га давлат лавозимлари учун квоталар, коллежларда жойлар ва ҳокимиятнинг барча даражаларида сайлов мандатлари ажратади. Расмий сиёсатга кўра, бу этник озчилик вакиллари ва азалдан имтиёзларга эга бўлган асосий этник гуруҳлар вакиллари учун имкониятларни тенглаштириш мақсадида қилинган.

Бундай статус мейтей жамоати аъзоларига ўрмон мулкларидан фойдаланишга имкон берар, давлат лавозимларида улуш ва ўқув муассасаларида жойни кафолатлаган бўларди.

Бошқа қабилалар эса, асосан Манипурнинг тоғли ҳудудларидаги ўрмонзорларда ота-боболарига тегишли бўлган ерлар устидан назоратни бой беришлари мумкинлигидан хавотирга тушишган.

Сешанба куни штатнинг тоғли ҳудудларида яшовчи қабилаларнинг минглаб вакиллари Манипур бутунқабилалар иттифоқи томонидан уюштирилган намойишчилик маршини бошлашди.

Бир кун кейинги акция тўқнашув билан якунланди, шундан кейин бутун штат бўйлаб тартибсизликлар бошланиб кетди. Томонлар бир-бирини тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбламоқда.

Мавзуга оид