Лигада қолиш учун курашаётган «Лидс» қутқарув операцияси учун пенсияда зерикаётган Сэм Эллардайсни чақирганди. 68 ёшли мутахассиснинг ёрдами тегиши мумкин, аммо катта Сэм — сеҳргар эмас ва унинг жамоаси ҳимояси «Манчестер Сити»га қарши кўп вақт дош бериб тура олмади. «Шаҳарликлар» иккита бир хилдаги ҳужум билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтишди. Икки вазиятда ҳам тўп ўнг қанотга узатилди, Маҳрез ҳимоячиларни ортда қолдирди ва Гундўғанни қулай вазиятга чиқарди.
ЖЧ-2022 дан кейинги даврда жазоирлик ушбу футболчи — тўққиз узатма билан АПЛнинг энг яхши ассистенти бўлиб турибди. Гундўған ҳет-трикка ҳам яқин эди, аммо Ҳоланд 11 метрли жарима зарбасини ижро этиш ҳуқуқини унга қолдирганида, у тўпни дарвоза устунига қарата тепди. Бу ташаббус Хосеп Гвардиолага ёқмади ва бу ҳақда у ўйиндан кейин айтиб ўтди. Қолаверса, бир дақиқа ўтиб Родриго ҳисобни қисқартирди ва ўйин охири асабий кечди. Аммо ғалаба сақланиб қолди ва «Сити» энди ўйинлар сони тенг ҳолда «Арсенал»ни тўрт очкога ортда қолдирмоқда.
Сўнгги ўн ўйин ичида илк бор дарвозаси дахлсизлигини сақлай олган «Тоттенҳэм»нинг «Кристал Пэлас»га ўйини шуниси билан ажойиб чиқдики, ғалаба голини урган Кейн тарихий натижага эришди. Бу гол «шпорлар» форварди учун 209-голга айланди ва у энди АПЛ тарихидаги барча тўпурарлар рўйхатида иккинчи ўринга чиқиб олди (бу ўринни Уэйн Руни билан бўлишиб турибди). Бу рўйхатдаги яққол етакчи Алан Ширерни (260 гол) қувиб етиши учун Кейн яна бир неча мавсум ҳозиргидек уникал ўйнаши етарли бўлади.
Биринчидан, ҳали ҳеч ким сафарда ҳам, уйда ҳам юзтадан ортиқ гол урмаган. Иккинчидан, учинчи юзталикка ўтган ҳеч қайси тўпурарда ўзининг асосий оёғи бўлмаган оёғи ва бошда урилган голлар 40 тадан ошмаган. «Иккинчи қават»дан ҳужум — алоҳида мавзу. Кейн энди бир мавсумда бош билан 10 гол урган биринчи футболчи.
Ниҳоят ғалабага эришган «Челси»нинг ўйинига келсак, ўйин охиридаги икки гол кўклар учун 11 мартдан буён илк муваффақиятни таъминлади. Шундай бўлиб чиқдики, лондонликлар бу ўйинда урган голлар сони Грэм Поттер жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилганидан кейинги олти ўйинда урилган голлар сонидан кўпроқни ташкил этди. Агар муваффақиятсиз серия давом этганида, Фрэнк Лэмпард жамоаси «Борнмут»ни олдинга ўтказиб юбориб, 13-ўринга тушиб кетиши мумкин эди. Лекин энди мавсумни тарк этиш ҳақида гап йўқ. «Челси» фанатларида эса юмор ҳисси жойида. Ўйин охирида улар шундай куйлашди: «Биз қоламиз!».
Пайшанба куни «МЮ» «Брайтон»дан сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб мағлуб бўлиши «Ливерпул»нинг Чемпионлар лигаси учун имкониятларини анча оширди. Мерсисайдликлар ўзига боғлиқ барча ишни аъло даражада уддаламоқда. Айниқса Салоҳ. У голли ҳужумни ўзи тўпни бошқа қанотга узатиб бошлаб берди ва ван Дейк ташлаб берган тўпни ўзига бўйсундириб, дарвозани ишғол этди. Мисрлик ҳужумчи бир зарбаси билан «Энфилд»да урган голлари сонини 100 тага етказиб, клуб рекордини ўрнатди, бу унинг бу мавсумда қаторасига тўққиз уй учрашувида гол уриши бўлди. Барча турнирлардаги ўйинлар ҳисобга олинганда, Мо қаторасига учинчи мавсумда голлари сонини 30 тага етказмоқда. Қаторасига олти ғалабадан кейин «МЮ» билан орадаги фарқ бир очкога қисқарди, аммо захирасида икки ўйин бор бўлган «қизил иблислар» бу пойгада ҳамон фаворит бўлиб қолмоқда.
Испания: Анчелоттининг кубок ўйинларидаги комплексига барҳам берилди
«Реал» ва Испания Кубоги муносабатлари силлиқ эмас. Мадридликлар бу турнирда олдинги совринни (ҳисоб бўйича 19-си) тўққиз йил муқаддам, худди шу Карло Анчеллотти билан бирга қўлга киритганди. Шундан буён нималар бўлиб кетмади! Дисквалификацияси бор Черишевнинг ўйнатилиши туфайли техник мағлубият ёзилишидан тортиб учинчи дивизион вакилидан учралган мағлубиятгача. Ўтган триумфни эса ҳозирги таркибда бош мураббийдан ташқари фақат Модрич, Начо, Бензема ва Карваҳал эслаши мумкин. Бу квартетдаги тўртинчи футболчи шанба кунги ўйин учун бошланғич таркибдаги ягона испаниялик футболчи эди ва бунақаси турнирнинг 120 йиллик тарихида кузатилмаганди.
Деярли бутун таркиби маҳаллий футболчилардан иборат «Осасуна» билан солиштирганда фарқ катта, аммо бу мухлисларни ташвишга солиши даргумон. Масалан, юқори савияли қатор бразилияликлар тўпланган — бу чиройли футболнинг кафолати. Бундай гўзалликни иккинчи дақиқадаёқ ҳимоячиларни ожиз қолдирган Винисиус Жуниор намойиш этди ва Родригони голли пас билан таъминлади. Гол муаллифи эса кейинроқ товони орқали узатган паси билан Бенземани зарба бериш ҳолатига чиқарди. Лекин Каримнинг зарбаси шу куни кучли ўйин намойиш этган Эррера томонидан бартараф этилди ва француз футболчиси «Осасуна»га қарши тўққизинчи ўйинида ҳам гол ура олмади — у бу жамоа дарвозасини охирги бор ўша 2014 йилги кубок финалида ишғол этганди. Яна бир шедевр эса — Алабанинг жарима зарбасидан кейин — дарвоза тўсини томонидан бартараф этилди.
Бу бир томондан мадридлик мухлисларни ранжитади, бошқа томондан ўйинда интрига сақланиб қолди, чунки «Осасуна» финалга қадар ақл бовар қилмас характер намойиш этиб, учта овертаймдан ғолиб бўлиб ўтганди. Ва Торро ҳисобни тенглаштирганида памплоналик мухлислар ўтирган трибунада том маънода ёнғинни ўчиришга тўғри келди.
Аммо ёки «Осасуна» ўз дадиллигидан чўчиб кетди, ёки «Реал» яна тўлиқ куч билан ўйнай бошлади. Винисиуснинг навбатдаги кескин ҳужуми ва Родригонинг яна бир голи. Лекин бу ҳужум чўзилиб кетди ва Крооснинг зарбасидан кейинги рикошет қаймоқранглиларга ёрдам бериб юборди. Нима бўлганда ҳам, асосийси — натижа. Бу — «Реал»нинг 20-кубоги. Лекин жамоа бу муваффақиятни ортиқча нишонлаб ўтирмайди: олдинда «Манчестер Сити»га қарши йил ўйинлари кутмоқда.
Ҳафта ўртасида аутсайдер «Кремонезе»га қарши ўйинда қоқилганидан (1:1) кейин Стефано Пиоли «Лацио»га қарши ўйинда жанговар таркибни туширди ва бу «Милан» биринчи бўлимдаёқ ўйин масаласини ҳал қилишини таъминлади. Аввалига мезбонлар «бургутлар»ни ҳимоядан чиқишда кучли прессинг остида қолдирди ва Жиру Бинносирни қулай вазиятга чиқарди. Кейин эса Эрнандез ҳақиқий шедевр ижро этди. Тўпни дарвозабондан қабул қилиб олган француз ҳимоячиси уни ёлғиз ўзи рақиб жарима майдонига қадар олиб борди ва кучли зарба билан дарвозанинг юқори бурчагини ишғол этди.
Ғолиблар учун умумий картинани бузувчи эпизод — Рафаэл Леаунинг жароҳат олиши бўлди. «Милан» билан шартномани янгилашга рози бўлгани айтилаётган португалиялик ҳужумчи 11-дақиқадаёқ жароҳат олди ва ўйинни давом эттира олмади. У энди катта эҳтимол билан Чемпионлар лигаси яримфинал ўйинларини ўтказиб юборади. Бу «россонерилар»нинг амбицияларига жиддий зарба бўлди, шу билан бирга, шанба кунги муваффақият жамоага кучли тўртлик учун курашда қолиш имконини берди. Шу куни рақиб дарвозасига бирор марта аниқ зарба йўллай олмаган «Лацио» сўнгги тўрт ўйиндаги учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди ва иккинчи ўринни хавф остида қолдирди.
Шанба куни Милан ва Рим қарама-қаршилигидаги иккинчи ўйинда ҳам шимолликлар қўли устун келди. «Интер»нинг икки латерали Дюмфрис ва Димарко ижросида ҳисоб очилгач, «Рома» статистика нуқтайи назаридан дурангдан ортиғига умид қила олмасди. «Бўрилар» бу мавсумда танаффусгача ҳисобда ортда борган ўйинларида ҳеч қачон ғалаба қозона олмаган, «нерадзурри» эса бундай устунликка эга бўлган ўйинларида ҳеч қачон ютқазмаган.
Якунда эса мезбонлар бирорта очкосиз қолишди ва барчаси Ибанеснинг хатосидан кейин маълум бўлиб улгурди. Ундан тўпни олиб қўйган Лаутаро Мартинес бир лаҳзанинг ўзида мавсумнинг охирига келиб формасини тиклаб олган Лукакуни яккама-якка вазиятга чиқарди. Белгиялик футболчи биринчи бўлимда елкасидан жароҳат олиб Симоне Индзагини ташвишга солганди. Аммо, миланликлар етакчиси Леау билан бўлганидан фарқли ўлароқ, бу ҳолатда барчаси яхшилик билан тугади. «Интер» бу турдаги ўйинини якшанба куни ўтказадиган «Ювентус» билан очколар бўйича тенглашиб, Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларга қайтди. Жозе Моуриньо жамоаси эса, афтидан, асосий еврокубок йўлланмасини Европа Лигаси орқали қўлга киритишга ҳаракат қилишига тўғри келади.
Германия: «Лейпциг» учинчи ўринга чиқиб келди, Гнабри яна ҳал қилди
«Лейпциг» сешанба куни ҳам «Фрайбург» меҳмони бўлган ва Германия кубоги яримфиналида ушбу рақибни йирик ҳисобда енгган эди (4:0). Афтидан, мезбонлар ўша ўйиндан сабоқ чиқаришган ва бу ўйинда яхши қаршилик кўрсатилди, аммо Марко Розе Кампл қиёфасидаги кузиридан фойдаланди. Майдон марказида жамоадошларини суғурталаб турган футболчи тўпга эга чиққач, ташаббусни ўз қўлига олди ва рақиб жарима майдонига ёриб кириб, «девор» услубида ўйнаб, дарвозани ишғол этди.
Ўйиннинг қўшимча дақиқаларида икки томонда ҳам қулай вазиятлар бўлди, аммо мезбонлар футболчиси дарвозабондан қайтган тўпга зарба бера олмади, меҳмонлар футболчисининг «шведка» услубидаги (бутсанинг ташқи қисми билан) зарбасини дарвозабон майдон ташқарисига чиқариб юборди, натижада «ҳўкизлар» ЕЧЛ йўлланмалари учун шанба кунги курашдаги асосий триумфатор бўлди. Финишгача уч тур қолганида «Лейпциг» бешинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилди, «Фрайбург» эса энди бешинчи ўринда. Очколар тенг келиб қолган тақдирда, бу жамоа қўшимча кўрсаткичларга кўра шу куни «Аугсбург»га ютқазган «Унион»дан ортда қолмоқда.
«Бавария» эса бир амаллаб ғалаба қозонишни уддаламоқда. Бремендаги ўйинда мюнхенликлар ўйинни назорат қилишди, аммо бир неча дақиқа ичида рақибнинг икки ҳужумидан икки гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Аммо савия ўзини кўрсатди ва «Ҳерта» билан ўйиндаги каби амалдаги чемпионлар иккинчи бўлимда «Вердер»ни таслим этишди. Бу сафар ҳам ўйинда бурилиш ясаш учун Гнабрининг голига зарурат сезилди, деярли бўш дарвоза қаршисида турган ушбу ҳужумчига рақиб ҳимоясидаги палапартишлик туфайли етиб келди. Шмидт эса ўйин охирида «тўққизлик»ка йўллаган зарбаси билан Зоммерни ожиз қолдирди, аммо бу вақтга келиб захирадан тушган Сане иккинчи голни уриб улгурганди. «Мусиқачилар» чемпионларнинг мухлисларини хавотирланишга мажбур қила олишди, аммо мюнхенликлар ғалабани сақлаб қолишди. Навбатдаги чемпионликкача уч қадам қолди. Албатта, «Боруссия» ундан олдинроқ навбатдаги йўқотишга учрамаса.
Франция чемпионатида Ляборд қаторасига учинчи мавсумда камида 10 та гол урмоқда. Вазиятнинг топ-5 чемпионатлар учун уникаллиги шундаки, ушбу форвард бу голларни учта турли жамоаларда — «Монпелье», «Ницца» ва «Ренн» сафида уришга эришган.
«Реал» кубок турнирларида «Осасуна»га қарши 9 ўйин ўтказган ва барча ўйинларда ғалаба қозонган.
Бензема ўзи ютган совринлар сонини 33 тага етказди — бу билан у Франциянинг энг совриндор футболчисига айланди. Шунингдек, «Реал» сафидаги совринлар бўйича Марселонинг рекордини такрорлади.
43 йил-у 38 кун — АПЛ тарихида рақиб жамоалар бош мураббийлари ўртасидаги рекорд даражадаги фарқ: 75 ёшли Рой Ҳожсон бошқарувидаги «Кристал Пэлас» 31 ёшли Райан Мэйсон бошқарувидаги «Тоттенҳэм»га ютқазди.