Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент Кимё халқаро университети вакиллари амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларининг Чикаго шаҳрида жойлашган Рузвелт университетида бўлишди. Ташриф давомида Рузвелт университети президенти Али Малекзода ва Тошкент Кимё халқаро университетининг (ТКХУ) таъсисчиси Алишер Ваҳобов ташаббуси билан бакалавр ва магистратура йўналишларида таълим дастурларини очиш ҳамда профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш курсларини ташкил этишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, ҳамкорлик рамзи сифатида умумий лойиҳалар устида ишлаш учун ташкил қилинган марказнинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Очилиш маросимидан сўнг Рузвелт университетининг президенти Али Малекзода ва вакилларимиз ўртасида музокаралар бошланди. Унда ТКХУ ректори Жонпўлат Кудайбергенов ҳамкорликда амалга оширилиши режа қилинган лойиҳалар бўйича тақдимот қилди. Ундан сўнг эса, ҳамкорликда ташкил қилинаётган таълим дастурларининг шартлари ва талабалар учун яратиладиган шарт-шароитлар муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар МБА дастури бўйича дунёда эътироф этилган стандартлар ва маҳаллий ишбилармонлик муҳитининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда магистратура йўналишида 1+1 дастури асосида ўқитиш босқичларини муҳокама қилишди.

Хусусан, ҳамкорлик дастури асосида дастлабки ўқув йили Тошкент Кимё халқаро университетида ва қолган муддати эса Рузвелт университетида ўқитиш тартиби кўриб чиқилди.

Учрашув сўнгида Рузвелт университетининг Президенти Али Малекзода таълим орқали икки мамлакат ўртасидаги илм, маданият ва иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

2023/2024 ўқув йили учун МБА дастурига қабул шартлари тўғрисидаги маълумотлар Тошкент Кимё халқаро университетининг расмий саҳифаларида эълон қилинади.

Шунингдек, делегация аъзолари АҚШнинг бир қатор нуфузли университетлари қаторига кирувчи Георг Фокс, Портланд давлат университети, Орегон штатида жойлашган Корбан университети, Техас штатидаги Байлор ва Ҳаустон университетлари вакиллари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.