Жаҳон | 08:25 / 10.05.2023
4994
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Суриядаги дипломатик ваколатхонасини қайта очяпти

Ар-Риёдга кўра, Саудия Арабистонининг Дамашқдаги дипломатик ваколатхонаси фаолияти “умумий араб ёндашуви”ни ишлаб чиқишга қаратилган бўлади.

Фото: AP

Саудия Арабистони Суриядаги дипломатик ваколатхонасини қайта очиш ниятида эканлигини маълум қилди. Унинг асосий вазифаси “қўшма араб ёндашуви”ни ишлаб чиқишдан иборат бўлади, дейилади мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг 9 май, сешанба куни SPA давлат ахборот агентлиги томонидан тарқатилган баёнотида.

Аввалроқ, 7 май куни Араб давлатлари лигасига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Сурияда президент Башар режими томонидан демократик норозилик намойишларининг кескин бостирилиши туфайли 2011 йил ноябрида тўхтатилган Суриянинг ушбу ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклаш қарорини қўллаб-қувватлаган эди. Намойишлар бостирилгач, мамлакатда бошланган можарода шу кунгача 500 минг киши ҳалок бўлди. Миллионлаб одамлар ўз уйларини ташлаб кетди, Сурия инфратузилмаси ва саноати жиддий зарар кўрди.

Ар-Риёд Дамашқ билан дипломатик алоқаларни 2012 йилда узган. Шундан сўнг Саудия Арабистони очиқдан очиқ Асад режимини ағдариш тарафдори бўлиб, фуқаролар уруши фонида суриялик исёнчиларни қўллаб-қувватлади.

Саудия Арабистони Дамашқдаги дипломатик миссияси қайта тиклангани ҳақида эълон қилишидан бир неча соат олдин Туркия ТИВ 10 май куни Россия пойтахтида Москва, Дамашқ, Анқара ва Теҳроннинг юқори даражали дипломатлари йиғилишини эълон қилди. Музокаралар мавзуси "Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича фикр алмашиш", шунингдек, ҳозирда Туркияда бўлган 3,7 миллион суриялик қочқиннинг ўз ватанига "ихтиёрий равишда қайтиши" бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид