Хўш, Ислом Каримов собиқ иттифоқ, коммунистик тизим ҳақида қандай фикрда бўлган?

1991 йилгача: эҳтиёткор ва сиёсий ҳушёр

Албатта, Ислом Каримов совет жамиятида улғайган ва партия сафида йиллар давомида юқори лавозимларда хизмат қилган киши эди. Жумладан, у сиёсий пиллапоялардан кўтарилишни Ўзбекистон ССР Давлат режа қўмитаси (Госплан)дан бошлаган ва раҳбарнинг биринчи ўринбосари даражасига етган.

1983-86 йилларда республика молия вазири, кейинчалик Госплан раҳбари, Қашқадарё области обкоми бўлган Ислом Каримов 1989 йилда можаролар гирдобига қолган Ўзбекистонни Рафиқ Нишоновдан қабул қилиб олади.

Ислом Каримов республика бошқарувини қўлга олганда, СССР сўнгги нафасларини олаётган, Болтиқбўйи давлатлари аллақачон мустақиллик эълон қилишга тайёр эдилар. Гарчи 1990 йил 24 мартда ўзини Ўзбекистон ССР президенти сифатида эълон қилган бўлса-да, Каримов иттифоқдан узил-кесил ажралиб чиқишга шошмади.

1991 йилда журналистлар қаршисидаги Каримов қуйидаги гапларни айтади:

“Мустақилликка эришиш учун, айтайлик, ҳали қанча-қанча қовун пишиғи бор. Қанча азоблар бор, қанча қурбонлар беришимиз керак. Зиёлилар тушунади, ким ўз хоҳиши билан колония даражасида (!) бўлган, хомашёни текинга сотиб берадиган республикани топширади? Ким, борми шунақаси?! Тарихда бунақаси бўлмаган...”

Собиқ иттифоқ қулашининг “каримовча версия”га кўра, мазкур воқеага тизимнинг ўзи айбдор.

“СССР қулашига ташқаридан ҳам таъсир бўлган. Аммо бунга тизимнинг ўзи бош айбдор эди. Шафқатсизлик асосига қурилган тизим ривожланишни кўтара олмасди. Собиқ иттифоқда барчаси давлат манфаатларига бўйсундирилганди. Давлатлар нима сабабдан тузилади? Инсон манфаатлари учун эмасми?! Шу сабабдан инсонлар ташқи дунёдаги ҳолатни кўргандан кейин, гапиришни бошлашди. Уларда фикрлаш имконияти пайдо бўлди.

Бу борада Горбачёвнинг донишмандлиги, сабри, толерантлигига тан бериш керак. У СССРни сақлаб қолиш учун тоталитар тузумнинг сўнгги чораларини ишга солмади. У мутлақо ҳақ эди”, дейди Ислом Каримов History Lab'га берган интервюсида.

Пост-совет давлатлари интеграцияси тарафдори

Собиқ иттифоқ мавжудлигига сўнгги нуқталардан бири қўйилган, МДҲ эълон қилинган 1991 йил декабрда Олмаотада бўлиб ўтган йиғилишда Ислом Каримов ташкилот аъзолари ўртасида ягона фуқаролик ва интеграцияни таклиф қилиб чиққан.