Centrum Air авиакомпанияси ҳамда Canaan Travel ҳамкорликда 28 апрелдан 5 майга қадар Ўзбекистондаги бир қатор оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун Бирлашган Араб Амирликларининг Рас-ал-Хайма шаҳрига медиа-тур ташкил қилди.

Сафар иштирокчилари 7 кун давомида шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойлари, туризм салоҳияти, маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданияти, қадриятлари билан танишишди.

Нима учун Рас-аль-Хаймага бориш керак?

Рас-ал-Хайма БААнинг энг шимолий қисмида жойлашган. Бу ердаги ажойиб ва хилма-хил ландшафтлар, ҳашаматли пляжлар ва нисбатан ўртача нархлар кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Турар жой

Рас-ал-Хайма – ортиқча шовқинсиз, бирмунча осуда шаҳар. Бу ерга дунёнинг турли чеккаларидан сайёҳлар келишади, у ерга ёлғиз ҳам, оилавий бўлиб ҳам бемалол бориш мумкин. Шаҳарда Hilton, Radisson, Rixos, Mövenpick ва бошқа машҳур бренд меҳмонхоналар мавжуд.

Барча меҳмонхоналар All inclusive (ҳаммаси ичида) тизими бўйича ишлайди. Бу эса ўз навбатида ҳамёнбоп оилавий дам олиш учун жуда қулай.

Марварид фермаси

Рас-ал-Хаймага ташриф буюрган сайёҳлар қайиқда улуғвор Ал-Ҳажар тоғ тизмалари этагида жойлашган балиқчилик қишлоғига ҳаяжонли саёҳатга чиқиш имкониятига эга бўлишади. У ерда сиз бугунги кунда марварид қазиб олишда қўлланадиган инновацион илмий усуллар билан танишасиз ва “Сувайди марваридлари” фермасига ташриф буюрасиз. Экскурсия охирида ташриф буюрувчиларга чиғаноқ ичидан ўзлари марварид олиш имконияти тақдим қилинади. Шунингдек, Рас-ал-Хаймадаги энг яхши марваридлардан иборат ажойиб коллекцияни томоша қилишингиз мумкин.

Рас-ал-Хайма марварид саноати бир неча минг йиллик тарихга эгалиги боисдан ҳам шаҳарни “амирликлар марвариди” дея эътироф этишади.