Жамият | 09:29 / 21.05.2023
21701
2 дақиқада ўқилади

Навоийда бошқа йўловчиларни кутишни истамаган мижоз машинани олиб қочди

Машина ўғриси шизоаффектив бузилиши аралаш типи ташхиси билан рўйхатда туриши аниқланган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Навоий шаҳрида 17 май куни фуқаро таксида бошқа йўловчиларни кутишни хоҳламасдан, машинани олиб қочди. Тергов департаменти ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 35 ёшли Р.Ф. «102» қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, унда у Nexia’да киракашлик қилиш учун йўловчи кутиб турган вақтида номаълум эркак келиб, уни Қизилтепа тумани марказига олиб бориб қўйишини сўраганини, у рози бўлганидан сўнг мижоз автомашинага ўтирганини айтган.

Шундан сўнг ҳайдовчи бошқа йўловчиларни излашни давом эттирган, бироқ ушбу мижоз унинг автомашинасига ўтириб, унинг бошқа йўловчиларга чалғиганидан фойдаланиб, транспорт воситасини олиб қочган. Ҳайдовчи эса ушбу шахсни аниқлашда ва автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Олиб борилган тезкор чора тадбирлар натижасида жабрланувчига тегишли бўлган автомашина Кармана тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобил йўлининг 187-километр оралиғида номаълум шахс томонидан бошқариб кетилаётган вақтда Навоий вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Ушбу фуқаронинг шахсига аниқлик киритилганда у Қизилтепа туманида яшовчи шизоаффектив бузилиши аралаш типи ташхиси билан Асаб ва руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турувчи 34 ёшли К.И. экани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид