18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида давлат раҳбарлари иштирокида “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги биринчи саммит бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ўн миллиардлаб долларлик келишувлар имзоланди ва муҳим баёнотлар янгради. Таҳлилчилар Россиянинг заифлашиши ва АҚШнинг Афғонистондан кетиши фонида, Хитой Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиришга уринаётганини таъкидламоқда. Kun.uz мухбири сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов ушбу саммит ва унинг минтақа учун аҳамияти борасида суҳбатлашди.

– Россиянинг минтақадаги геосиёсий таъсири бир қадар пасайган вақтда Марказий Осиё – Хитой саммити ўтказилишида қандай маъно бор?

Фарҳод Толипов:

— Катта давлатлар Марказий Осиё давлатлари билан одатда C5+1 форматида мулоқот қилади. Бу формат келиб чиқиши ҳам асли Шарқий Осиё мамлакатлари билан боғлиқ, C5+1 аталмаган бўлса ҳам. Бу формат 2015 йил АҚШ ташаббуси билан яратилган. Демоқчиманки, бу нарса фақат Хитой ташаббуси эмас, бундай кўринишдаги саммитлар, алоқалар бир нечта ва улар бир-бири билан рақобатда бўлади. Сиандаги саммитнинг аҳамияти ва оқибатларини бошқа шу кўринишдаги C5+1'лар билан таққослаб айтиш мумкин.

Кўплаб экспертлар энди Марказий Осиё минтақасида Хитой таъсири устувор бўлади, АҚШ ва Россия эмас, дейишмоқда. Қайсидир томонлардан қўшилиш мумкин бу фикрларга ҳам. Аммо бу баҳсли ҳали. Си Жингпин ҳам, бошқа шу доирадаги сиёсатчилар ҳам энди халқаро майдонда Хитой билан ҳисоблашиш кераклигини таъкидламоқда. Балки бу саммит айнан Хитой билан ҳисоблашиш тўғрисидаги сигналдир. Марказий Осиё давлатлари ҳам мустақил, тенг ҳуқуқли давлатлар, шунинг учун келажакдаги муносабатлар уларга ҳам боғлиқ, албатта.

Камолиддин Раббимов:

— Ғарб ОАВлари Хитой Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири камайганидан фойдаланяпти, деган фикрни илгари суряпти. Лекин ҳали ҳам Россиянинг таъсири катта ва ҳали бу таъсир қилиш рақобати очиқ кўринишга ўтганича йўқ. Хитой марказий ОАВлари Россия билан яқин иттифоқчи эканликларини урғулаяпти, коллектив Ғарб, Вашингтонга эса танқидлар бўляпти. Минтақа глобаллашув жараёнидамиз ҳозир. Айни вазиятда, Хитой демократик ислоҳотлар бошланишидан хавотирга тушяпти. Бу жараённи тўхтатиш ёки секинлатиш учун «қурол» йўқ уларда. Шунинг учун ҳам минтақага чуқурроқ кириб бориб, халқнинг онгидан ижобий ўрин эгалламоқчи. Хитойнинг минтақадаги биринчи хавотири Уйғуристон сепаратизми. СССР тарқаган пайтдаги хавотири ҳам айнан шу эди. Саммитдаги Хитойнинг позицияси шундай бўляпти: «Сизнинг ҳудудий яхлитлигингизни қўллаб-қувватлаймиз, фақат сиз ҳам бизнинг яхлитликни қўллайсиз, сепаратизмга йўл қўйилмаслиги керак».