Россиянинг Белгород областига ҳужум 22 май куни тонгда чегарадаги Грайворон райони ва шу номдаги назорат-ўтказиш пункти ёппасига ўққа тутилиши билан бошланди. Белгород областига диверсияда камида 10 та зирҳли техника иштирок этган. РФ мудофаа вазирлиги баёнотларига зид ўлароқ, катта эҳтимол билан, диверсантлар ҳали мамлакатдан тўлиқ сиқиб чиқарилмаган. Тинч аҳоли ва ҳарбийлар орасида қурбонлар бор.
Россия мудофаа вазирлиги Белгород областига ҳужумнинг иккинчи кунига келиб 22 май куни областга «бостириб кирган» «украин миллатчи тузилмалари тор-мор этилгани» тўғрисида хабар берди.
Бир кун олдин регион расмийлари Грайворон шаҳар округи ҳудудига «Украина қуролли кучлари диверсия-разведка гуруҳи» киргани ҳақида хабар берганди. Глотово, Козинка ва Гора-Подол аҳоли яшаш манзилларида жанглар кетаётгани айтилганди. Бу акция учун жавобгарликни «Россияга озодлик» региони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз зиммасига олганди — бу тузилмалар бир йилдан ошиқ вақтдан буён Украина томонида туриб жанг қилмоқда.
РФ мудофаа вазирлиги расмий вакили Игор Конашенков 23 май кунги брифингда маълум қилишича, бостириб кирган бўлинмалар авиация, артиллерия ва Ғарбий ҳарбий округнинг давлат чегарасини қўриқлаш отрядлари ёрдамида «блокланган ва тор-мор этилган». «Миллатчиларнинг қолдиқлари Украина ҳудудига сиқиб чиқарилди, у ерда уларни тўлиқ йўқ қилиш учун зарбалар берилди», — деган Конашенков.
Унинг сўзларига кўра, 70 нафардан ортиқ «украин террорчилари» ўлдирилган, шунингдек тўртта зирҳланган машиналар ва бешта пикап йўқ қилинган. Мудофаа вазирлиги вакили «Артемовск шаҳрида мағлубиятга учраган» Украина ҳукумати Белгород областига бостириб киришга қарор қилганини қўшимча қилган.
Вазирлик диверсантлар позицияларига берилган зарбалар акс этган видеони намойиш этган, аммо бу видео орқали нишонлар қай даражада йўқ қилинганини баҳолаб бўлмайди.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 12 киши яраланганини маълум қилган. Яна бир 80 ёшли аёл «эвакуация тадбирлари чоғида» автобусда жон берган. 22 май куни област раҳбари бутун регион бўйлаб аксилтеррор операцияси режими эълон қилганди.
23 май куни Гладков «ҳудудни диверсия-разведка гуруҳи кириши оқибатларидан тозалаш ишлари давом эттирилаётгани»ни айтди ва эвакуация бўлган аҳолини ҳозирча қайтмасликка чақирди. Унинг маълумотига кўра, бир кун ичида тўққизта аҳоли яшаш манзили эвакуация қилинган: булар Грайворон, Новостроевка, Горьковский, Безимено, Мокрая Орловка, Глотово, Гора-Подол, Замостье, Сподарюшино.
















