23 май куни Россия мудофаа вазирлиги Белгород областида «Украина ҳарбий тузилмалари қақшатқич мағлубиятга учрагани ва 70 нафар террорчи йўқ қилингани» ҳақида хабар берди.
РФ мудофаа вазирлигига алоқадор бўлган «Звезда» телеканали гўёки қўпорувчилар мағлубиятга учраган жойдан видеони эълон қилди: зарарланган, қисман ёниб кетган, ойналари ўқдан илма-тешик бўлган машиналар, афтидан, «Грайворон» назорат пункти ёнида турибди.
Ўз навбатида, аввалроқ Белгород областидаги жангларда иштирок этганини эълон қилган «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз сафида «йўқотишлар бўлмагани»ни айтмоқда. Шунингдек, жангларда иштирок этган «Россияга озодлик» легиони русларнинг бир неча зирҳли техникасини йўқ қилгани ва Россия армияси ротасини «демилитаризация» қилгани ҳақида хабар берди.
22 май куни Белгород области ҳудудига диверсантлар бостириб киргани ҳақида маълум бўлганди. Россия расмийлари аксилтеррор операцияси режимини жорий этди. Украина томонида жанг қилаётган кўнгиллилардан тузилган «Россияга озодлик» легионининг маълум қилишича, улар «Россия кўнгиллилар корпуси» билан биргаликда «Белгород областидаги Козинка аҳоли пунктини озод қилган» ва Грайворонга ҳам жангчилари кириб борган. Россия ҳарбийлари ва чегарачилари диверсантлар билан жанг қилган, ҳудудга катта кучлар ва зирҳли техника олиб кирилгани ҳам маълум қилинди.
Чегара ҳудудларида содир бўлаётган воқеаларни тасвирлашда кўплаб камчиликлар ва номувофиқликлар бор.
Уруш шароитида Россия мудофаа вазирлиги, «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони вакилларининг баёнотларини текширишнинг иложи йўқ.
«Настоящее Время» нашри «Новая газета. Европа» ҳарбий шарҳловчиси Георгий Александров билан суҳбатлашди, у Россия мудофаа вазирлигининг Белгород областидаги воқеаларга оид версиясида нима нотўғри ва шубҳали эканини тушунтирган.
«Умуман олганда, менда буларнинг барчаси саҳналаштирилгандек таассурот қолдирди: улар бу жипларни шу жойга судраб олиб келишган, чуқурларга ташлаб, пиар учун чиройли суратларни олишган», дейди у.
— Кеча Россия мудофаа вазирлиги Белгород областида 70 диверсант ўлдирилганини эълон қилди. Бироқ, ҳеч қандай далил келтирилмаган. Шахсан сиз мудофаа вазирлигининг бу баёнотига ишонасизми?
— Ростини айтсам, мен Россия мудофаа вазирлиги баёнотларига умуман ишонмайман. Россия ҳарбий бошқармаси вакиллари ёлғон фактлар билан қўлга тушган вазиятлар жуда кўп бўлган.

















