Жаҳон | 11:46 / 25.05.2023
15419
3 дақиқада ўқилади

«Россияга озодлик» легиони Белгород областидаги амалиётда фақат икки жангчисини йўқотганини тан олди

РФ мудофаа вазирлиги «босқин» иштирокчиларининг 70 нафардан ортиғи ўлдирилганини даъво қилганди.

Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

«Россияга озодлик» ва «Россия кўнгиллилар корпуси» (РКК) Белгород областидаги амалиёт чоғида ўз бўлинмаларидан жами 12 киши сафдан чиққани, шундан 10 нафари ярадорлар эканини маълум қилишди. Бу ҳақдаги баёнот Суми областида журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманидан кейин «Россияга озодлик»нинг телеграм-каналида берилган.

«Операциядаги жами йўқотишлар икки қурбон ва ўн ярадордан иборат бўлди. Ғалаба қозона олмайдиган ва шунинг учун бизнинг катта йўқотишларимиз ҳақидаги рақамларни чизадиган пропагандачиларнинг иккиюзламачи гапларига терс ўлароқ», — дейилади легион матбуот хизмати хабарида. Аввалроқ РФ мудофаа вазирлиги «босқин»нинг 70 дан ортиқ иштирокчиси ўлдирилганини хабар қилганди.

Бундан ташқари, бўлинма матбуот хизмати «Россияга озодлик» легиони ва РКК «кўп миқдордаги техникаларни ўлжа қилгани ва асир олгани» ҳақида маълум қилган. Шунингдек, пресс-релизда айтилишича, легион ва РКК жангчилари Россия ҳудудида россиялик ҳарбийлар Бахмутда Украина қуролли кучларидан олиб қўйган техникалардан фойдаланганини маълум қилган. «Биз бу техникаларни муваффақият билан «қайта ўлжа қилдик» ва ортга қайтардик», — дейилади хабарда.

Қолаверса, «Россияга озодлик» легиони россиялик ҳарбийларни Белгород области шаҳарларини ўққа тутишда айблаган: «Биз Путин қўшинларининг виждонсизлиги ва шафқатсизлигига гувоҳ бўлдик: легионерлар маҳалилий аҳолига тегмасдан, яшаш манзиллари атрофидан ўтаётганида, РФ қуролли кучлари стволли артиллерияси ва авиацияси тинч шаҳарлар бўйлаб ишлади».

Ўз навбатида «операция» иштирокчиларидан бири «Новая газета Европа» нашрига берган интервюсида россиялик ҳарбийлар «нафақат РКК ва «Россияга озодлик» легиони жангчилари турган чеккаларни, балки бўлинма жангчилари эгаллаб олгани тахмин қилинган биноларни ҳам ўққа тутган.

  • Белгород области ҳукумати 22 май куни Грайворон шаҳар округидаги қишлоқларга «Украина қуролли кучлари диверсия-разведка гуруҳлари» киргани ҳақида хабар берганди. Телеграм-каналлар Глотово, Козинка ва Гора-Подол аҳоли яшаш манзилларида бўлиб ўтган жанглар ҳақида хабар берган.
  • Бу акция учун жавобгарликни «Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз зиммасига олган — булар Украина қуролли кучлари томонида туриб жанг қилаётган бўлинмалардир. Кейинроқ The New York Times нашри Россия ҳудудига кириб келган бўлинмаларнинг йўқотишлари «арзимас» даражада бўлгани ҳақида хабар берди.
  • Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк вазият юзасидан берган изоҳида «Украина Россиянинг Белгород областида рўй бераётган воқеаларни қизиқиш билан кузатаётгани ва вазиятни ўрганаётгани, аммо унга тўғридан тўғри алоқадор эмаслиги»ни маълум қилган.

Мавзуга оид