Ўзбекистон | 17:23 / 25.05.2023
56778
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги кўп қаватли уй балконидан Украина байроғи олиб ташланди

Мирзо Улуғбек туманидаги Янги Москва турар жой комплексида, 8-қаватдаги уйлардан бирининг балконида турган Украина байроғи махсус воситаларни жалб қилган ҳолда олиб ташланди. Бу пайтда уйда бўлмаган хонадон эгасининг айтишича, воқеадан олдин унга ИИБ ходими қўнғироқ қилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Интернетда тарқалган суратларда байроқни олиб ташлаш учун ўт ўчириш машинасининг нарвонидан фойдаланилганини кўриш мумкин.

Хонадон эгаси Режеп Латиповнинг BBC ўзбек хизматига айтишича, воқеа 24 май куни соат 18:00 атрофида рўй берган. У ўша пайтда уйда ҳеч ким бўлмагани, ўзи турмуш ўртоғи билан Туркияда эканини билдирган.

Латиповга кўра, байроқ олиб ташланишидан 3 соатча аввал ўзини Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ходими деб таништирган шахсдан қўнғироқ бўлган.

“Адашмасам, ўзини жиноят-қидирув бўлимидан Мурод деб таништирди. Шу уй менга тегишли экани ҳақида сўради. Яна ўзингиз ё рафиқангиз Украина фуқароси эмасми, деган савол берди. Мен йўқ, дедим. Кейин нега балконимда Украина байроғи тургани сабабини суриштирди”, – дейди хонадон эгаси.

Унинг таъкидлашича, ички ишлар ходими билан суҳбатда байроқ ўзига тегишли хонадоннинг балкони ичида, яъни ўз шахсий мулки ҳудудида турганини айтган.

“У ўзимнинг, рафиқамнинг туғилган йилига оид бир неча шахсий саволлардан сўнг байроқ олиб ташланишини таъкидлади. Мен ҳеч бўлмаса, Telegram орқали нега байроқ олиб ташланиши ҳақида ёзма изоҳ беришларини сўрадим, асоссиз олиб ташлай олмасликларини айтдим. Ходим келсангиз тушунтирамиз, бизда олиб ташлашга топшириқ бор, деди”, – дея ўзаро суҳбат тафсилотларини келтирган Режеп Латипов.

51 яшар фуқаро байроқ ҳақида ички ишларга ким ва нима сабабдан хабар бергани ўзи учун қоронғи эканини қўшимча қилади.

“Очиғи, байроқни айнан ким олиб ташлаганини билмайман. Билганим – бу қўшнилар юборган хабар, суратлар, видеолар. Улар милицияга байроқ ўтган йилдан бери ўша жойда тургани, ўзлари томонидан бирор қаршилик ёки саволлар бўлмаганини айтишибди”.

Уй эгасининг айтишича, у Украинанинг Черновцы шаҳрида туғилган, аммо доимий Ўзбекистонда яшаб, ишлаб келади.

"Байроқни Киевдаги дўстларим совға қилишган. Уларга қўлловимни кўрсатиш учун ҳам байроқни уйимда сақлаганман. Қайта-қайта такрорлашим лозим, байроқ шунчаки балконда турган эди, кўчага чиқариб илиб қўйилмаганди.

У ўтган йилнинг март ойидан бери бир жойда турарди. Шу пайтгача ТСЧЖ ёки бошқа жойдан бирор савол бўлмаганди.

Пандемия ва урушга қадар Украинада кўп бўлганман. Украин тилини билмасам-да, одамлар билан мулоқотда бирор муаммога учрамаганман. Россияда ҳам дўстларим кўп. Менда Россия фуқароларига нисбатан ҳеч қандай адоват, нафрат мавжуд эмас. Мен фақат уруш ва у келтираётган кулфатдан нафратланаман.

Менинг позициям аниқ – мен урушга қаршиман ва бу урушда Украинани қўллайман”, дея Латиповнинг сўзларини келтирмоқда BBC.

Ҳолат ижтимоий тармоқларда фаолларнинг кескин танқидларига сабаб бўлмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳолатга ҳозирча муносабат билдирмади.

Мавзуга оид