16:11 / 26.05.2023
29006

Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 6,5 фоизга ўсди

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида 359,2 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Асосий савдо  йўналишлари – Россия, Покистон, Хитой ва Қозоғистон.

2023 йилнинг январь-апрель ойлари давомида хорижий мамлакатларга умумий қиймати 256,1 миллион долларга тенг бўлган 359,2 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу эса 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 фоизга кўп.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, мева-сабзавотлар экспортида қиймат жиҳатидан энг катта улушни мош – 13,7 фоиз, майиз – 10,4 фоиз, қуритилган қора олхўри – 7 фоиз, помидор – 6,1 фоиз, карам – 5,1 фоиз, янги узилган узум – 4,3 фоиз, пиёз – 4,3 фоиз ва анор – 3,3 фоиз эгаллайди.

2023 йилнинг январь-апрель ойларида экспортнинг умумий ҳажмида мева-сабзавотлар улуши 3,3 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (27,4 фоиз), Покистон (20,6 фоиз), Хитой (16,3 фоиз), Қозоғистон (13,9 фоиз), Афғонистон (2,4 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз), Беларус (2 фоиз), Туркия (1,9 фоиз), Ироқ (1,5 фоиз) ва Эрон (1,2 фоиз) ҳисобланади.

Top